Кўчмас мулк | 08:17 / 25.05.2026
3145
2 дақиқада ўқилади

Африкадаги энг баланд осмонўпар бино қурилиши якунланмоқда

Кот-д’Ивуарнинг Абиджан шаҳрида қурилаётган Tower F иморати Африкадаги энг баланд бино бўлиш арафасида турибди. Йил охирига қадар қурилиш ишлари тугалланиши кутилмоқда.

Фото: PFO Africa

76 қаватли мазкур осмонўпар биногача Африкадаги энг баланд иншоот мақоми 400 метрли Iconic Tower’га тегишли эди. Tower F’нинг асосий қисми 333 метр баландликка эга бўлса, шпили билан умумий баландлиги 421 метрга етади.

Иморат Абиджандаги мавжуд A–E маъмурий мажмуасига қўшимча сифатида қурилмоқда. Лойиҳа давлат идораларини бир жойга жамлаш ва бинолар ижараси харажатларини камайтириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Бино лойиҳаси машҳур архитектор Pierre Fakhoury томонидан тайёрланган. У осмонўпар бинога анъанавий Африка ниқобини эслатувчи шакл берган.

Бино тепасида “фонар” деб аталувчи ойнаванд кузатув майдончаси жойлашади. У асосий томдан тахминан 30 метр юқорида бўлади ва шаҳар ҳамда Эбрие лагунаси манзарасини томоша қилиш имконини беради. Майдонча барча учун очиқ бўлади ва унга махсус панорамали лифт орқали чиқилади.

Tower F қурилиши муҳандислар учун катта синов бўлган. Бино нотурғун грунт устида қурилмоқда ва унинг умумий оғирлиги 170 минг тоннага етади. Шу сабабли муҳандислар ер остига узунлиги 60–70 метр бўлган 70 та пўлат таянч ўрнатган.

Иншоотнинг ички майдони қарийб 140 минг квадрат метрни ташкил этади. Унда давлат идоралари, конференция заллари, ресторанлар, аудиториялар ва ерости автотураргоҳлари жойлашади. Бино ичида 21 та йўловчи лифти ва икки юк лифти ишлайди.

Фасад икки қаватли технология асосида қурилгани сабабли Tower F EDGE экологик сертификатини олган. Ташқи қисм 16 мингта шиша панелдан иборат бўлиб, қуёш нурларини қайтариш ва бинода иссиқликни камайтиришга хизмат қилади.

Қизиғи шундаки, Tower F қурилиши ҳақидаги дастлабки ғоялар ҳали 1970-йилларда пайдо бўлган. Орадан ўнлаб йиллар ўтиб, лойиҳа энди амалга ошиш арафасига келди.

Мутахассислар фикрича, Tower F нафақат маъмурий марказ, балки Африканинг янги архитектура рамзига айланиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид