Ўзбекистон | 18:37
1322
4 дақиқада ўқилади

Мактабларда сўнгги қўнғироқ ва гуллар фестивалидаги рекорд — маҳаллий дайжест

25 май куни «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари ўтказилди, Шавкат Мирзиёев битирувчи ёшларга табрик йўллади. Намангандаги гуллар фестивали Гиннесс рекордлар китобига киритилди. Крипто-майнинг фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилишни кучайтиришга қаратилган низом лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бухоро вилоятидаги туманлардан бирида соғлиқни сақлаш бўлими раҳбари тезкор тадбирда ушланди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Мактабларда сўнгги қўнғироқ янгради, президент битирувчиларни табриклади

25 май куни мактабларда анъанавий тарзда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари бўлиб ўтди. Президент Шавкат Мирзиёев битирувчи ёшларга табрик йўллади.

Давлат раҳбари мурожаатида қайд этилишича, бу йил мамлакат бўйлаб 472 минг нафар ўғил-қиз мактабни битириб, мустақил ҳаётга қадам қўймоқда. Шу муносабат билан барча битирувчилар, устозлар ва ота-оналар самимий қутланди.

Президентнинг таъкидлашича, бу йил биринчи марта 11 минг нафардан зиёд ўқувчи мактабни олтин ва кумуш медаллар билан тамомламоқда. Бу эса мамлакатда таълим сифати ва ёшларнинг илмга интилиши ортиб бораётганидан далолат беради.

Мурожаатда ёшлар учун яратилаётган имкониятларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, мамлакатдаги 207 та олийгоҳ ва 643 та техникум ёшларга замонавий билим ва касб беришга тайёр экани таъкидланди. Шунингдек, 171 нафар ёш дунёнинг етакчи университетларига қабул қилингани айтилди.

Намангандаги гуллар фестивали Гиннесс рекордлар китобига киритилди

Намангандаги гуллар фестивали Гиннесс рекордлар китобига киритилди.

Ўтган йили фестивалга тайёргарлик жараёнида вилоят бўйича жами 100 миллион туп гул кўчати экилган эди. 2026 йилда эса ушбу миқдор 150 миллион тупга етказилди. Натижада Наманган «Жамоа бўлиб бир ой давомида энг кўп экилган гуллар» йўналишида Гиннесс рекордини ўрнатди.

Фестивалнинг тантанали очилиш маросимида бу ҳақдаги махсус сертификатни Гиннесс рекордлар китоби вакили Шейда Субаси Наманган вилояти ҳокимига тантанали равишда топширди.

Крипто-майнинг фаолияти назорати кучайтирилади

Ўзбекистонда крипто-майнинг фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилишни кучайтиришга қаратилган Besqala Mining Valley махсус майнинг зонаси тўғрисидаги низом лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ҳужжатга кўра, Қорақалпоғистон ҳудудида махсус майнинг зонаси ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, унда крипто-майнинг билан шуғулланувчи юридик шахслар махсус тартибда рўйхатдан ўтказилади.

Лойиҳада майнинг фаолияти учун қатор қатъий талаблар белгиланган. Жумладан, фақат Қорақалпоғистонда рўйхатдан ўтган юридик шахслар махсус зона резиденти бўлиши мумкин. Майнинг фақат рўйхатдан ўтиш вақтида кўрсатилган манзилда амалга оширилиши шарт. Шунингдек, яширин майнинг, аноним крипто-активлар майнинги ҳамда аввал муомалада бўлган крипто-активларни айланмага киритиш тақиқланмоқда.

Бухорода соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупцион схема фош этилди

Бухоро вилоятидаги туманлардан бирида соғлиқни сақлаш бўлими раҳбари давлат харидлари ва рағбатлантириш маблағлари билан боғлиқ коррупцион ҳолатларда гумон қилиниб, тезкор тадбир давомида ушланди.

Маълум бўлишича, туман соғлиқни сақлаш бўлими ҳамда дори-дармон ва тиббий буюмлар улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхона ўртасида 1 млрд 2 млн сўмлик шартнома тузилиб, тиббий буюмлар харид қилинган. Мудир келгусидаги харидларни ҳам айнан ушбу корхона орқали амалга ошириш эвазига маҳсулотлар умумий қийматининг 15 фоизи — 150 млн сўм миқдорида «улуш» талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мансабдор шахс сўралган маблағнинг бир қисми — 11 800 АҚШ долларини турмуш ўртоғи орқали олган вақтида ушланди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид