Ўзбекистон | 18:32
1066
5 дақиқада ўқилади

Сохта «кешбэк» схемаси ва жиноятда гумонланган собиқ ҳокимга катта лавозим — маҳаллий дайжест

Тошкентда қурилишдаги авариядан кейин канализация суви Салор каналига оқизилди. Андижонда сохта «кешбэк» схемаси фош этилди. Рецепт асосида сотиладиган дорилар нархи пасайтирилди. Музработнинг жиноятда гумон қилинган собиқ ҳокими давлат ишига қайтди. Ўзбекистонда иш излаётганлар сони кўпайди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Тошкентда қурилишдаги авариядан кейин канализация суви Салор каналига оқизилди

Тошкент шаҳрининг Шота Руставели кўчасида қурилиш ишлари давомида шикаст етказилган қувурдан чиққан оқова сув Салор каналига оқизилгани аниқланди.

Ҳолат юзасидан бошқарма таҳлилий лабораторияси мутахассислари томонидан канал сувидан белгиланган тартибда намуналар олиниб, лаборатория таҳлилига юборилган. Таъкидланишича, таҳлил натижалари ҳамда ўрганиш якунларига кўра, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилмагани юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, 3 июл куни Яккасарой туманидаги қурилиш объектида канализация тармоғида содир бўлган техник носозлик оқибатида диаметри 1800 мм бўлган қувурга жиддий шикаст етганди. Оқибатда сув тошиб, ер қопламаси қисман чўкиши ва ўпирилиши рўй берган.

Андижонда сохта «кешбэк» схемаси фош этилди

Андижон вилоятида 38,3 миллиард сўм бюджет маблағларини «кешбэк» тўловлари орқали ноқонуний ўзлаштириш схемаси фош этилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда бир гуруҳ фуқаролар ўзаро тил бириктириб, 5 та корхонага 2,2 триллион сўмлик маҳсулотлар етказиб берилгани ҳақида сохта электрон ҳисоб-фактураларни расмийлаштирган. Шундан сўнг товарлар фуқароларга сотилгани ҳақида сохта харид чеклари шакллантирилган.

Тергов маълумотларига кўра, ушбу чеклар асосида қарийб 95 минг фуқаро ҳамда Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган шахслар номига Soliq Mobile мобил иловаси орқали «кешбэк» тўловлари расмийлаштирилган. Оқибатда 38,3 миллиард сўм бюджет маблағи ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинган.

Рецепт асосида сотиладиган дорилар нархи пасайтирилди

Рецепт асосида бериладиган қарийб 2500 та дори воситаси учун чекланган нархлар қайта шакллантирилди ва 1 июлдан дорихоналар учун кучга кирди, деб хабар қилди Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги.

Қайд этилишича, натижада айрим тоифадаги дорилар нархи сезиларли даражада пасайган. Хусусан, антибиотиклар ва микробларга қарши воситалар — 50 фоизгача, юрак-қон томир тизими дорилари — 37 фоизгача, асаб тизими дорилари — 40 фоизгача ҳамда яллиғланишга қарши ва оғриқ қолдирувчи воситалар — 42 фоизгача арзонлашгани таъкидланмоқда.

Музработнинг жиноятда гумон қилинган собиқ ҳокими давлат ишига қайтди

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Сурхондарё вилояти бошқармасига Эркин Жўраевич Алимов раҳбар қилиб тайинланди. У 2018 йил июлидан 2022 йил сентябрга қадар Сурхондарё вилояти Музработ тумани ҳокими лавозимида ишлаган.

2022 йил ноябрида ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси томонидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди. Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида собиқ ҳоким Музработ туманидаги умумий қиймати 1,7 млрд сўм бўлган 4,2 гектар ер майдонини аукцион савдоларисиз ўзининг яқин қариндошларига расмийлаштириб бергани маълум бўлган. Шунингдек, тумандаги банклар Эркин Алимовнинг яқин қариндошлари номига 166 млрд сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратган бўлиб, уларнинг катта қисми «муаммоли» кредитга айланган. Бундан ташқари, «Сурхондарёдонмаҳсулотлари» АЖда олиб борилаётган тафтиш давомида собиқ ҳоким иштирокида қиймати 35 млрд сўмлик 9,6 минг тонна дон талон-торож қилингани аниқланган.

Ушбу жиноят иши якуни бўйича расмий маълумотлар берилмаган.

Ўзбекистонда иш излаётганлар сони кўпайди

2026 йил I чорагида Ўзбекистонда фаол резюмелар сони 31,5 фоизга ошиб, 636 мингтага етди, деб хабар берди Марказий банк.

Регулятор иш қидирувчилар сони тез ўсиши натижасида меҳнат бозоридаги рақобат ҳам кучайганини билдирди. Ўз навбатида мазкур тенденция иш ҳақи ошишига ҳам туртки берган.

Ишчи кучига талаб хизматлар соҳаси ва чакана савдода энг юқори бўлиб қолмоқда. Қурилиш соҳасида эса бандлик мавсумий омилларга боғлиқлигича қоляпти. I чорак давомида мазкур соҳада меҳнатга талаб ўсган. Умумий овқатланиш ва ишлаб чиқариш соҳаларида ҳам ишчиларга талаб юқори шаклланиб, кескин фаоллашув кузатилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид