Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Солиқ кешбэкини бекор қилиш таклифи ва эски машина эгаларига янги имкониятлар — маҳаллий дайжест
1 фоизлик солиқ кешбэкини бекор қилиб, ўрнига давлат лотереяси жорий қилиш таклиф этилди. «30 ёшдан ошган» машина эгасидан экологик компенсация ундирилмайди. Ўқотар қуролларни ўз ихтиёри билан топширганлар мукофотланади. Тошкентда чўкаётган аёл ва уни қутқаришга уринган Миллий гвардия ходими ҳалок бўлди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
1 фоизлик солиқ кешбэкини бекор қилиш таклиф этилди
Агар харид чекини рўйхатдан ўтказган шахсларга 1 фоиз кешбэк тўлаш амалиёти тўхтатилмаса, давлат бюджетининг бу йўналишдаги харажатлари жорий йилда 1,8 трлн сўмга етиши мумкин, бу – боғчалар қурилиши учун ажратилган маблағдан икки карра кўп, деб маълум қилди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Фискал таҳлиллар институти. Кешбэк ўрнига давлат лотереясини жорий этиш таклиф қилинди.
Институт маълумотига кўра, 2022 йилда кешбэк тўловлари ҳажми 820 млрд сўмни ташкил этган бўлса, 2026 йилда бу маблағ 1,8 трлн сўмга етиши мумкин. Ваҳоланки, – дейди институт вакиллари, – 2026 йилда боғчалар қурилиши учун давлат бюджетидан бундан икки баробар кам – 900 млрд сўм маблағ ажратиш режалаштирилган.
Ташкилот ҳар бир чек учун кафолатланган кешбэк ўрнига, фақатгина солиқ хавфи юқори бўлган соҳалар: умумий овқатланиш корхоналари, кичик чакана савдо объектлари ва бошқаларда ишловчи компанияларнинг фискал чекларини рўйхатдан ўтказган харидорлар ўртасида давлат лотереясини ташкил этишни таклиф қилди.
«30 ёшдан ошган» машина эгасидан экологик компенсация ундирилмайди
Ишлаб чиқарилганига 30 йилдан ошган автомобиллар учун йилига 30 БҲМ (12,4 млн сўм) миқдорида экологик компенсация жорий этиш фикридан воз кечилди. Чиқиндиларни бошқариш агентлигига кўра, ҳукумат маъмурчилик ва мажбурлаш ўрнига, аҳолини иқтисодий рағбатлантирувчи бозор механизмларига эътибор қаратмоқда.
Таклиф этилаётган янги тартибга кўра, автомобилни баҳолаш ҳамда қайта ишлаш корхоналари тармоғи яратилади. Эски транспорт воситаси бозор қийматида баҳоланади, ҳаракати чекланган носоз машинани мутахассислар жойига чиққан ҳолда кўрикдан ўтказади.
Автомобил эгасига баҳоланган қиймат миқдорида нақд пул тўланади ёки махсус ваучерлар тақдим этилади. Муҳим жиҳати, фуқаро ушбу ваучерлардан расмий дилердан янги автомобил сотиб олишда бошланғич тўлов сифатида фойдаланиши мумкин бўлади.
Ўқотар қуролларни ўз ихтиёри билан топширганлар мукофотланади
Ҳукумат қарори билан тасдиқланган янги низомга кўра, рўйхатга олинмаган қурол ва унинг ўқ-дориларини, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, портловчи материалларни ва портлатиш қурилмаларини ўз ихтиёри билан топширганлар пул мукофоти билан рағбатлантирилиши мумкин.
Бунда ариза берувчи ўзининг яшаш жойи бўйича ички ишлар органига мурожаат қилади. Ариза берувчи томонидан топширилаётган қурол қисмларга бўлакланган, патронлари олинган, шунингдек, қурол ва унинг ўқ-дорилари, ўқотар қуролнинг асосий қисмлари бегона шахсларнинг кўриш имкониятини истисно этадиган ўрамга жойлаштирилган бўлиши лозим.
Пул мукофоти Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиғининг буйруғи асосида берилади.
Тошкентда чўкаётган аёл ва уни қутқаришга уринган Миллий гвардия ходими ҳалок бўлди
Маълум қилинишича, аёл Хотира хиёбони яқинида Бўзсув каналига ўзини ташлаган. Унинг сувда оқиб кетаётганини Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳарбий хизматчилари кўриб қолган. Хизматчилардан бири аёлнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида дарҳол сувга тушган.
Бироқ каналдаги кучли оқим туфайли аёл ҳам, Миллий гвардия ходими ҳам сувга чўкиб, ҳалок бўлган. Хабарда ҳалок бўлган ходим 2005 йилда туғилгани айтилган.
Иккала жасад ҳам топилиб, яқинларига топширилган.
Мавзуга оид
21:13 / 08.07.2026
Йирик кибержиноятчилар тармоғи ва икки киши ҳалок бўлган мудҳиш авария — маҳаллий дайжест
19:06 / 07.07.2026
Алифбо ислоҳоти ва Андижонда дунёга келган 5 нафар эгизак — маҳаллий дайжест
18:32 / 06.07.2026
Сохта «кешбэк» схемаси ва жиноятда гумонланган собиқ ҳокимга катта лавозим — маҳаллий дайжест
19:08 / 03.07.2026