Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев: Бугунги битирувчи — Учинчи Ренессанс бунёдкори
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат мактабларини тамомлаётган битирувчиларга йўллаган табригида бугунги ёшлар Янги Ўзбекистоннинг энг катта таянчи ва Учинчи Ренессансни барпо этадиган авлод эканини таъкидлади.
Фото: Президент матбуот хизмати
Давлат раҳбари мурожаатида қайд этилишича, жорий йил мамлакат бўйлаб 472 минг нафар ўғил-қиз мактабни битириб, мустақил ҳаётга қадам қўймоқда. Шу муносабат билан барча битирувчилар, устозлар ва ота-оналар самимий қутланди.
Президентнинг таъкидлашича, бу йил биринчи марта 11 минг нафардан зиёд ўқувчи мактабни олтин ва кумуш медаллар билан тамомламоқда. Бу эса мамлакатда таълим сифати ва ёшларнинг илмга интилиши ортиб бораётганидан далолат беради.
Мурожаатда бугунги кунда ҳаёт ва меҳнат бозори шиддат билан ўзгараётгани, янги касблар пайдо бўлаётгани қайд этилди. Шу боис ёшлар учун хорижий тилларни билиш, компьютер саводхонлиги ва замонавий касбларни эгаллаш муҳим талабга айланаётгани таъкидланди.
— Меҳнат бозори энди, аввало, “ҳужжат” эмас, амалий билим, малака ва натижа сўраяпти, — деди президент.
Шавкат Мирзиёев ҳар бир мактаб битирувчиси эртага муҳандис, шифокор, олим, тадбиркор ёки ижодкор сифатида мамлакат тараққиётига ҳисса қўшишини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, бугунги битирувчи — келажакда Учинчи Ренессансни барпо этадиган авлоддир.
Мурожаатда ёшлар учун яратилаётган имкониятларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, мамлакатдаги 207 та олийгоҳ ва 643 та техникум ёшларга замонавий билим ва касб беришга тайёр экани таъкидланди. Шунингдек, 171 нафар ёш дунёнинг етакчи университетларига қабул қилингани маълум қилинди.
Президент тадбиркорликка қизиқувчи ёшлар учун банклар томонидан жорий йил 25 триллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилаётганини билдирди. Стартап лойиҳалар учун эса 100 миллион доллар маблағ тайёрлангани айтилди.
Бундан ташқари, йирик IT компаниялар ҳар йили камида 50 минг нафар битирувчини сунъий интеллект соҳасида ўқитиш ва юқори даромадли иш билан таъминлашга тайёр экани қайд этилди.
Давлат раҳбари ёшларни китоб ўқиш, изланиш ва катта мақсадлар қўйишга чақирди. У китобни инсоннинг энг яқин дўсти ва кучли қуроли деб атади.
Шунингдек, мурожаатда ўзбекистонлик ёшларнинг халқаро майдонларда эришаётган ютуқлари — шахматчилар, футболчилар ва ёш кино ижодкорларининг муваффақиятлари ҳам мисол сифатида келтирилди.
Президент сўзининг якунида битирувчиларга мурожаат қилиб, уларни ўз кучига ишониш ва доимо олға интилишга чақирди.
— Олдингизга катта мақсадлар қўйишдан ҳеч қачон қўрқманг! Ўзингизга ишониб, ҳамиша олға боринг! — деди давлат раҳбари.
Мавзуга оид
12:39 / 23.05.2026
Қозоғистонда мактаб битирув кечаларини ресторан ва кафеларда ўтказиш тақиқланди
21:48 / 22.05.2026
Миллий жамоа мундиалга кузатилди, «кўклар» назорат ўйинида «оқларни» енгди
18:37 / 22.05.2026
«Биз бу кунларни 34 йил кутдик» – президент миллий жамоа аъзолари билан учрашувда
17:39 / 22.05.2026