Ўзбекистон | 18:37
1236
6 дақиқада ўқилади

«Биз бу кунларни 34 йил кутдик» – президент миллий жамоа аъзолари билан учрашувда

Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси билан учрашувда иштирок этиб нутқ сўзлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун, 22 май куни президент Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси билан учрашув ўтказди. 

Давлат раҳбари катта футбол байрами – АҚШ, Мексика ва Канада майдонларида бўладиган жаҳон чемпионати олдидан барчани қутлади.

«Биз бу кунларни бутун халқимиз, футбол ишқибозлари билан 34 йил кутдик. Шу маънода, футболчиларимизни Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очган замонамиз қаҳрамонлари деб айтсак арзийди.

Чунки улар ҳар бир ўйинга юқори тайёргарлик кўриб, юксак масъулият, ватанпарварлик руҳи билан фақат ғалаба учун майдонга тушди. Халқимизга олам-олам қувонч бағишлади.

Тўғрисини айтсам, мундиал йўлланмаси қўлга киритилган куни кўзимга уйқу келмади. Барча юртдошларимиз каби мен ҳам ич-ичимдан қувондим, байрам қилдим.

Фурсатдан фойдаланиб, майдонда жасорат ва маҳорат кўрсатган футболчиларимизга, уларни тарбиялаб, вояга етказган ота-оналари, устоз ва мураббийларига ташаккур изҳор этаман», – деди давлат раҳбари.

«Бугунги учрашувимизда таниқли шоир, адиб ва санъаткорларимиз ҳам иштирок этяпти. Улар майдонда жасорат ва матонат кўрсатган футболчиларимиз ҳақида янги шеър ва асарлар ёзмоқда, қўшиқ ва мадҳиялар яратмоқда. 

Тадбиркорларимизни айтмайсизми. Улар ҳам аллақачон ҳаракатни бошлаб юборган. Бизнес вакиллари сизлар орқали миллий брендини дунёга танитяпти, янги бозорларга чиқяпти. 

Азиз фарзандларим, кўряпсизларми? Сизлар нафақат спорт ривожига ҳисса қўшяпсиз, балки тадбиркорларимизга янги имкониятлар эшигини очиб, адабиёт ва санъат аҳлига янги илҳом, янги руҳ ва қанот беряпсиз. 

Ёшларимизга ҳақиқий ўрнак бўлдингиз. “Мен ҳам машҳур футболчи бўламан” деган болажонларимиз сафи кўпайиб бормоқда. Халқимиз сизлар билан доим фахрланади!» – деди президент.

Юртимизда спортга, хусусан, футболга қаратилаётган эътибор, яратилаётган шароитлар мазкур ютуқларга катта замин бўлди. 
 
Сўнгги йилларда жойларда 200 дан зиёд йирик спорт иншоотлари, 4 мингга яқин хусусий спорт клублари иш бошлади. 1,5 мингдан ортиқ маҳаллага спорт майдончалари қуриб берилди. Пойтахтда замонавий Олимпия шаҳарчаси барпо этилди, Юқори Чирчиқда «Миллий футбол маркази» ишга туширилди. Ҳар бир вилоятда биттадан профессионал футбол академияси ва футбол мактаблари ташкил қилинди. 
 
Бу ишлар ҳисобига ҳаваскор футболчилар сони 5 миллионга етди, футбол билан мунтазам шуғулланувчилар 1 миллион 300 мингдан ошди, профессионал футболчилар 17 мингга етди. 
 
Энг асосийси, футболда коррупция ва таниш-билишчилик деган иллатларга барҳам берилди. Очиқ ва шаффоф тизим яратилди. Бу энг иқтидорли ёшларни, ростакам истеъдодларни катта майдонга олиб чиқди.

«Биз учун футбол нафақат профессионал спорт тури, балки ёшлар тарбияси, соғлом турмуш, интизом ва ватанпарварлик мактаби бўлади. 

Энди юртимиздаги ҳар бир маҳаллага футбол нафаси кириб боради. Ҳар бир болага ўз маҳалласида тўп тепиш, мусобақаларда қатнашиш, ўз истеъдодини кўрсатиш имконияти яратилади», – деди президент.

Бунинг учун «Ҳар бир маҳалла – футбол майдони» дастури бошланади. Бу умуммиллий ҳаракатга айланади. 

Дастур доирасида «Маҳалла лигаси» ташкил этилиб, 12-17 ёшли ўғил-қизлар ўртасида маҳалла футбол жамоалари тузилади. Ҳар йили ҳаваскор футболчилар иштирокида «маҳалла – туман – вилоят – республика» босқичидан иборат мусобақалар ўтказилади. 

Умуман, «Маҳалла лигаси» энг яхши иқтидорларни селекция қилишда профессионал клублар учун тайёр база бўлади.

Бугун миллий жамоа билан катта тажриба ва чемпионлик характерига эга Фабио Каннаваро бошчилигидаги мураббийлар штаби ишлаётгани қайд этилди.

2006 йилда Германияда ўтказилган мундиалда Каннаваро сардорлик қилган Италия миллий жамоаси жаҳон чемпиони бўлган. Ўша йили Каннаваро дунёнинг энг яхши ўйинчиси деб эътироф этилган ва футбол тарихида «Олтин тўп» соҳиби бўлган кам сонли ҳимоячилардан бирига айланган. 

Янги мураббий жисмоний тайёргарлик ва ҳужумчилар билан ишлайдиган мураббийларни, шифокор, нутрициолог ва ошпазларни олиб келгани ҳамда халқаро тажрибага эга яхши жамоани шакллантиргани таъкидланди.

«Фурсатдан фойдаланиб, Фабио Каннаварони мураббий сифатида мундиалдаги биринчи иштироки билан табриклаб, мураббийлар штабига янги зафарлар тилайман», – деди давлат раҳбари.

Президент футболчилар аллақачон тарих яратиб бўлгани, мундиалда эса ортиқча босимсиз ўйнаш мумкинлигини таъкидлаган. 

«Энди футболчиларга қарата айтмоқчиман: жаҳон чемпионатида осон ўйиннинг ўзи йўқ. Сизлар Португалия, Колумбия, Конго каби терма жамоалар билан ўйнайсизлар. Халқимиз ҳар бир ўйинда сизлардан ғалаба кутиши табиий, албатта.

Лекин бир нарсани доимо ёдда тутинг: сизлар тарихни аллақачон яратиб бўлдингиз!

Олдингизда турган муҳим учрашувларда ортиқча босимсиз, ҳеч кимдан ҳайиқмасдан, борингизни бериб ўйнанг. Ҳар бир тўп, ҳар бир вазият, майдоннинг ҳар бир қаричи учун охиригача курашинг!

Мундиалдаги барча ўйинларингизда фан-клублар аъзолари, минглаб футбол мухлислари, Америкадаги ватандошларимиз ҳам стадиондан сизларни қўллаб-қувватлаб туради.

Майдондаги ҳар бир ҳаракатингизни 40 миллионга яқин халқимиз экран ортида катта ҳаяжон билан ҳайқириб кузатади, юракларни жунбишга келтирадиган ҳиссиёт олади.

Ёдингизда бўлсин: эл-юртимиз сизларга ишонади, президент сизларга ишонади! Боринглар, мардонавор ўйнанглар, Ватан шарафини муносиб ҳимоя қилинглар! Ғалаба ва омад ҳамиша ёр бўлсин!» – деди президент сўзининг якунида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид