Жаҳон | 08:22
740
2 дақиқада ўқилади

БМТ статистикаси: қайси давлатларда ўлим даражаси юқори?

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, 2024 йилда дунё бўйича қарийб 62 миллион киши вафот этган. Бу ҳар соат ўртача 7 минг нафар одамнинг ўлими қайд этилганини англатади.

Таҳлилларга кўра, дунёдаги барча ўлим ҳолатларининг ярми атиги олтита давлат ҳиссасига тўғри келади.

Энг юқори кўрсаткич Хитойда қайд этилган бўлиб, мамлакатда ҳар соат тахминан 1334 нафар одам вафот этган. Кейинги ўринда Ҳиндистон туради — бу ерда ҳар соат ўртача 1085 та ўлим ҳолати кузатилган.

Мутахассислар таъкидлашича, ушбу икки давлатнинг ўзи дунёдаги умумий ўлим ҳолатларининг қарийб учдан бир қисмини ташкил этади.

АҚШда ҳар соат тахминан 340 нафар одам вафот этади. Бу ҳолатга сурункали касалликлар, турмуш тарзи билан боғлиқ соғлиқ муаммолари ҳамда аҳоли қариши таъсир кўрсатмоқда.

Нигерияда эса ҳар соат ўртача 305 та ўлим қайд этилади. Бу мамлакатда юқори ўлим даражаси инфекцион касалликлар, оналар ва болалар саломатлиги билан боғлиқ муаммолар ҳамда тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларининг чеклангани билан изоҳланмоқда.



Индонезияда ҳар соат тахминан 242 киши вафот этади. Мамлакатда ўлим даражасига инфекцион касалликлар, табиий офатлар ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имконияти таъсир қилмоқда.

Россияда эса ҳар соат ўртача 205 нафар одам вафот этмоқда. Мутахассислар бу ҳолатни туғилиш даражасининг пасайиши ва аҳоли қариши билан боғламоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид