Иқтисодиёт | 08:59
1045
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга Қозоғистон нефти етказиб берилиши мумкин

Қозоғистон Ўзбекистонга нефть ва нефть маҳсулотлари экспорт қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон энергетика вазири Ерлан Аккенженов маълум қилди.

Фото: Tengrinews

Унинг айтишича, Остона Россия нефти ва газини Ўзбекистонга транзит қилишдан ташқари, қўшни мамлакатга ўзининг хом нефти ҳамда нефть маҳсулотларини етказиб беришга ҳам тайёр.

Масала Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган RES 2026 минтақавий экологик саммити доирасида муҳокама қилинган. Шунингдек, томонлар нефть-кимё саноати ва нефтни қайта ишлаш қувватларини модернизация қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни ҳам кўриб чиқмоқда.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда энергия ресурсларига бўлган талаб ошиб бормоқда. Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида нефть ва нефть маҳсулотлари импорти 42,2 фоизга ўсиб, 449,1 миллион долларга етган.

Шу даврда бензин импорти икки баробардан кўпроқ ошиб, 428,2 миллион литрни ташкил этган. Дизель ёқилғиси импорти эса 38 фоизга ўсиб, 125,5 минг тоннага етган.

Аввалроқ Россия бош вазири Михаил Мишустин Москва ва Тошкент нефть ҳамда газ етказиб бериш ҳажмини янада ошириш бўйича келишувга эришганини маълум қилган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид