Жаҳон | 20:01
996
2 дақиқада ўқилади

Исроил ҲАМАС ҳарбий қанотининг янги раҳбарини йўқ қилди

Яқиндагина бу лавозимни эгаллаган Муҳаммад Ауда ракета зарбаси оқибатида ўлдирилди.

Фото: Telegram / gazaalannet

Исроил 26 май куни Ғазога уюштирилган ҳужумда ҲАМАС ҳарбий қаноти қўмондони Муҳаммад Аудани ўлдирганини маълум қилди, деб хабар берди BBC.

Маҳаллий шифокорлар ва гувоҳларнинг сўзларига кўра, Исроил Ғазо шаҳрининг энг гавжум бозор ҳудудларидан биридаги турар-жой биносига уюштирган ҳужуми оқибатида камида уч фаластинлик ҳалок бўлган, яна ўнлаб кишилар жароҳатланган.

Исроил ҳарбийлари ва Шин Бет хавфсизлик хизмати Ауда учун бошпана бўлиб хизмат қилган бинолар унинг ҳаракатлари бир неча ой давомида кузатилганидан кейин ҳужумга учраганини маълум қилди.

Гувоҳларнинг хабар беришича, бинога турли йўналишлардан деярли бир вақтнинг ўзида камида бешта ракета урилган. Аҳолидан бирининг айтишича, ҳужумдан олдин осмонда айланаётган вертолёт овозини эшитган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняхунинг идораси Аудани «7 октябрь қирғинининг меъморларидан бири» деб атади.

Унинг бу лавозимдаги ўтмишдоши Иззаддин ал-Ҳаддод май ойи бошида Исроил ҳаво ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган эди.

10 октябрь куни сулҳ кучга кирганидан бери Исроил бутун Ғазо ҳудудига мунтазам равишда зарбалар бермоқда.

ҲАМАС бир неча бор Исроилни сулҳ шартларини бузганликда ва тинч аҳолига ҳужум қилганликда айблаган. ҲАМАС назорати остидаги Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги сулҳ даврида Исроил зарбалари оқибатида 900 дан ортиқ одам ҳалок бўлганини маълум қилди.

Исроил ҳукумати ҲАМАС аъзоларига зарба бериш ҳуқуқига эга эканини даъво қилмоқда ва ўз навбатида гуруҳни қуролсизланишдан бош тортгани учун сулҳ шартномасини бузганликда айблаяпти.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид