Жаҳон | 18:06
817
2 дақиқада ўқилади

Венгрия парламенти Халқаро жиноий суддан чиқиш жараёнини тўхтатди

Халқаро жиноий суд таркибидан чиқиш ҳақидаги қарор собиқ бош вазир Виктор Орбаннинг партияси томонидан қабул қилинган эди.

Фото: index.hu

Венгрия парламенти мамлакатнинг Халқаро жиноий суд (ХЖС) таркибидан чиқиш тўғрисидаги қарорини бекор қилишни маъқуллади.
Янги бош вазир Петер Мадяр томонидан парламентга киритилган қонун лойиҳасини унинг «Тиса» партиясидан 133 депутат ёқлаб овоз берди. «Фидес»нинг (собиқ бош вазир Виктор Орбаннинг партияси) 37 нафар вакили қарши чиқди.
Қонун лойиҳасини киритишда Мадяр халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун «энг оғир халқаро жиноятларда айбдорларни халқаро суд органида жавобгарликка тортиш жуда зарурлигини» айтди.
Венгриянинг собиқ бош вазири Виктор Орбан 2025 йил апрель ойида Халқаро жиноий суддан чиқиш ташаббусини билдирган эди. Июнь ойида Венгрия БМТ бош котибига ХЖС таркибидан чиқиш тўғрисида расмий билдиришнома юборди, жараён 2026 йил июнь ойида якунланиши керак эди. Бироқ Венгриядаги парламент сайловларида «Тиса» партияси ғалаба қозонганидан сўнг, унинг янги бош вазири бўлган етакчиси Петер Мадяр мамлакатнинг ХЖС таркибидан чиқиш жараёнини тўхтатишини айтди.
Орбан даврида Венгрияга Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ташриф буюрган, унга нисбатан ХЖС ҳибсга олиш учун ордер берган эди. Бироқ Орбан Нетаняҳуга уни ҳибсга олмасликка ваъда берди ва ХЖС қарорини «беадаб, беҳаё ва мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган» деб атади.
Журналистлар Мадярдан Нетаняҳунинг эҳтимолий ташрифи ҳақида сўради. У Венгриянинг ХЖС аъзоси бўлиб қолиш ниятини Исроил бош вазирига «аниқ етказганини» ва «ҳеч нарсани яширмаганини» айтди.
ХЖС қоидаларига кўра, ҳибсга олиш ҳақида ордер берилган шахслар ХЖС аъзолари томонидан ушланиши шарт.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид