Ўзбекистон | 18:09
588
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда Глобал экологик фонд Кенгашининг 71-йиғилиши бошланди

Бир неча кун давомида ГЭФнинг бошқарув органлари экологик ва иқлим лойиҳалари учун 200 млн доллардан ортиқ маблағ ажратиш масалаларини кўриб чиқадилар, шунингдек, 2026–2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорликнинг дастурий йўналишларини муҳокама қиладилар.

Самарқанд шаҳрида Глобал экологик фонд (ГЭФ) Кенгашининг 71-йиғилиши иш бошлади. Ушбу тадбир ГЭФнинг VIII Ассамблеяси ҳамда “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро кўргазмаси арафасида ўтказилмоқда. Унда ГЭФга аъзо 186 мамлакат вакиллари, халқаро ташкилотлар, молиявий институтлар, экологик агентликлар, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор вакиллари иштирок этмоқда.

Бир неча кун давомида ГЭФнинг бошқарув органлари экологик ва иқлим лойиҳалари учун 200 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратиш масалаларини кўриб чиқадилар, шунингдек, 2026–2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорликнинг дастурий йўналишларини муҳокама қиладилар. GEF, LDCF/SCCF вa GBFF кенгашлари йиғилишлари 2030 йилгача бўлган глобал экологик мақсадларга эришишни жадаллаштиришга
бағишланган.

Кенгаш йиғилишлари давомида океанлар ва биохилма-хилликни сақлаш, барқарор инфратузилмани ривожлантириш, иқлим ўзгаришига мослашиш ҳамда аралаш молиялаштириш механизмларини жорий этишга оид лойиҳалар муҳокама қилинади. Хусусан, қайта тикланувчи энергетика ва энергия сақлаш тизимлари, жумладан, Ўзбекистон учун мўлжалланган ташаббуслар ҳам кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, ГЭФ-9 дастурий стратегиясини тасдиқлаш, энг кам ривожланган мамлакатлар ва кичик орол давлатларини қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини жорий этиш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олган.

Ассамблея арафасида Самарқандда ГЭФ фуқаролик жамияти ташкилотлари Форуми ҳам ўтказилади.

ГЭФ VIII Ассамблеясининг расмий очилиш маросими 4 июн куни бўлиб ўтади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид