Жаҳон | 08:04 / 06.06.2026
4759
2 дақиқада ўқилади

Сунъий йўлдошлар Хитойнинг ноодатий сувости кемасини аниқлади

Шанҳайдаги Jiangnan Shipyard верфида олинган янги сунъий йўлдош суратларида Хитойнинг илгари маълум бўлмаган йирик сувости кемаси аниқланди. Мутахассислар уни сўнгги йиллардаги энг ғайриоддий ҳарбий-денгиз лойиҳаларидан бири деб баҳоламоқда.

Фото: Vantor

1 июнь куни олинган сунъий йўлдош тасвирларида кузатилган сувости кемасининг асосий ўзига хос жиҳати — унда замонавий субмариналар учун анъанавий ҳисобланган рубка (устки бошқарув қисми)нинг мавжуд эмаслигидир.

Таҳлилчиларнинг фикрича, бундай ечим Хитойнинг юқори тезликка эга, кам шовқинли ва аниқлаш қийин бўлган янги авлод сувости платформасини яратишга уринаётганидан дарак бериши мумкин.

Дастлабки баҳолашларга кўра, сувости кемасининг узунлиги тахминан 120 метр, кенглиги эса 10–11 метр атрофида. Бу кўрсаткичлар уни аксарият замонавий дизель-электр сувости кемаларидан, ҳатто баъзи атом сувости кемаларидан ҳам йирикроқ қилади.

Таққослаш учун, Хитойнинг Type 093 лойиҳасидаги атом сувости кемалари узунлиги 108–110 метрни ташкил этади, АҚШнинг Virginia синфидаги атом субмариналари эса тахминан 115 метрга тенг.

Янги кеманинг аниқ вазифаси ҳозирча маълум эмас. Бироқ унинг ўлчамлари бу тажриба намунаси эмас, балки йирик жанговар платформа бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Мутахассисларни энг кўп қизиқтираётган жиҳат — анъанавий рубканинг йўқлиги. Оддий сувости кемаларида мазкур қисм перископлар, радар ва разведка мачталари, алоқа антенналари, ҳаво олиш тизимлари ҳамда сув юзасида ҳаракатланиш пайтида кузатув учун хизмат қилади.

Бундай конструкциядан воз кечиш корпуснинг гидродинамик хусусиятларини яхшилаши мумкин. Экспертлар фикрича, бу сувости тезлигини ошириш, манёврчанликни яхшилаш, шовқин даражасини камайтириш ва душман томонидан аниқланиш эҳтимолини пасайтириш имконини беради.

Ҳозирча Хитой расмийлари мазкур лойиҳа юзасидан ҳеч қандай маълумот бермаган.

Шунга қарамай, таҳлилчилар унинг эҳтимолий вазифалари сифатида янги авлод атом зарба берувчи сувости кемаси, дронлар ташувчиси, истиқболли технологияларни синаш платформаси ёки денгиз тубида махсус операциялар учун мўлжалланган субмаринани кўрсатмоқда.

Мутахассислар фикрича, агар лойиҳа муваффақиятли чиқса, у сўнгги ўн йилликларда сувости кемалари конструкциясидаги энг катта ўзгаришлардан бирига айланиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид