Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Барча ҳокимлар Тошкент вилояти тажрибасини ўрганмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари Тошкент вилоятида амалга оширилаётган йирик инвестициявий, саноат ва туризм лойиҳалари билан танишиш ҳамда илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида вилоятда бўлиб турибди.
Танишув дастурининг дастлабки манзили Чорвоқ дарвозаси бўлди. Меҳмонлар ҳудудда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, замонавий инфратузилма ечимлари ҳамда туризм салоҳиятини оширишга қаратилган лойиҳалар билан яқиндан танишдилар.
Сафар давомида ҳудуднинг табиий имкониятларидан самарали фойдаланиш, янги туристик йўналишларни ривожлантириш ва замонавий объектларни барпо этиш борасида тўпланган тажрибага алоҳида эътибор қаратилди.

Шундан сўнг делегация Бўстонлиқ туманида жойлашган замонавий рекреацион маскан — «Угам Ривер» марказига ташриф буюрди. Угам дарёси соҳилида, тоғлар бағрида барпо этилган мазкур мажмуада яратилган қулай шарт-шароитлар, кўрсатилаётган хизматлар сифати ҳамда соғломлаштириш ва дам олиш имкониятлари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Денгиз сатҳидан 950 метр баландликда жойлашган «Угам Ривер» бугунги кунда маҳаллий аҳоли ва мамлакатнинг турли ҳудудларидан келаётган сайёҳлар учун оммабоп дам олиш масканларидан бирига айланмоқда.

Шунингдек, делегация аъзолари «Чимён» туристик мажмуаси ҳудудидаги «Заъфарон» меҳмонхонаси фаолияти билан танишиб, меҳмонларга яратилган шароитлар ва сервис хизматлари даражасини кўздан кечирдилар.
Ташриф дастури доирасида ҳудуд раҳбарлари Чирчиқ шаҳрида фаолият юритаётган «Чирчиқ» кимё-индустриал технопарки фаолияти билан ҳам танишиши режалаштирилган. У ерда саноатни ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилади.

Таъкидланишича, мазкур ташрифлар ҳудудлар ўртасида тажриба алмашиш, муваффақиятли лойиҳаларни оммалаштириш ҳамда иқтисодий ривожланишнинг самарали моделларини кенг жорий этишга хизмат қилади.