Жаҳон | 11:00
1574
3 дақиқада ўқилади

Париж исроиллик вазирга қарши санкциялар жорий қилди

Франция Исроилнинг ўта ўнг қарашларга эга молия вазири Бецалель Смотричга қарши санкциялар жорий қилди. Расмий Париж уни Ғарбий соҳилдаги зўравонликларни кучайтириш ва Фаластин ҳудудларини аннексия қилиш ғояларини қўллаб-қувватлашда айбламоқда.

Фото: /SOPA Images/picture alliance

Франция 9 июнь куни Исроил молия вазири, “Диний сионизм” партияси раҳбари Бецалель Смотричнинг мамлакат ҳудудига киришини тақиқлади.

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барронинг маълум қилишича, чекловлар нафақат Смотричга, балки Ғарбий соҳилдаги исроиллик кўчманчиларнинг тўрт нафар етакчиси ҳамда маҳаллий аҳолига нисбатан зўравонлик содир этгани айтилган яна 21 нафар шахсга нисбатан ҳам қўлланилган.

Барронинг таъкидлашича, Смотрич Ғарбий соҳилни Исроилга қўшиб олиш (аннексия қилиш), Ғазо секторини қайтадан яҳудий кўчманчилар билан ўзлаштириш ҳамда Фаластин миллий маъмуриятини иқтисодий жиҳатдан заифлаштириш сиёсатини фаол тарғиб қилиб келмоқда.

Франция ташқи ишлар вазири бу каби сиёсат халқаро ҳамжамиятнинг аксарияти томонидан қўллаб-қувватланмайдиган ёндашув эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Париж икки давлат — Исроил ва Фаластин давлатлари асосидаги ечим тарафдори бўлиб қолмоқда.

Ғарбий соҳилдаги вазият халқаро танқидларга сабаб бўлмоқда

Сўнгги ойларда Ғарбий соҳилда исроиллик кўчманчилар томонидан фаластинликларга қарши ҳужумлар кўпайгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль ҳам бу каби ҳужумларни қоралаган.

Исроил сўнгги ўн йилликлар давомида Ғарбий соҳилда ўнлаб яҳудий аҳоли пунктларини барпо этган. 2025 йил август ойида мамлакат ҳукумати Қуддус яқинида янги кўчманчилар посёлкаларини қуриш лойиҳасини маъқуллаган эди.

Ўшанда Бецалель Смотрич мазкур режа мустақил Фаластин давлатини ташкил этиш имкониятини “кўмиш” учун хизмат қилишини очиқ айтган.

Италияда яна бир исроиллик вазирга қарши иш очилди

Бу орада Италия прокуратураси Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирга қарши тергов бошлаган.

Reuters агентлиги маълумотига кўра, у Ғазо секторига ҳуманитар ёрдам етказиш мақсадида йўлга чиққан “Сумуд” флотилияси таркибидаги италиялик фаолларни ўғирлаш ва қийноққа солишда гумон қилинмоқда.

Бен-Гвир айбловларни рад этар экан, терговдан қочмаслигини билдирган. Шу билан бирга, у Италия ҳақида ҳақоратомуз баёнотлар бергани учун мамлакат ташқи ишлар вазири Антонио Таяни томонидан кескин танқид қилинди.

“Сумуд” флотилияси атрофидаги можаро

“Сумуд” ҳуманитар флотилияси 18 май куни Ғазо секторига йўл олган вақтда Исроил ҳарбий-денгиз кучлари томонидан халқаро сувларда тўхтатилган.

Исроил расмийлари денгиз блокадасини ёриб ўтишга бўлган ҳар қандай уринишни ҲАМАС ҳаракатини қўллаб-қувватлаш сифатида баҳолашини билдирган.

Можаро айниқса ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан кейин кучайди. Унда флотилия фаоллари қўллари орқага боғланган ҳолда тиз чўкиб тургани, Бен-Гвир эса Исроил байроғини кўтариб уларнинг орасида юргани акс этган.

Шундан сўнг Франция Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирга нисбатан ҳам мамлакатга кириш тақиқини жорий этган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид