Туризм | 11:00
566
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ҳар йили “Очиқ туризм мавсуми” дастури ўтказилади

Ўзбекистонда туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш ва хорижий сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида ҳар йили июнь–август ойларида “Очиқ туризм мавсуми” дастури амалга оширилади. Дастур доирасида авиакомпаниялар, туроператорлар ва меҳмонхона бизнеси учун қатор имтиёзлар ҳамда субсидиялар жорий этилади.

Фото: Kun.uz

Тегишли қарорга кўра, 2026 йил 1 июндан бошлаб ҳар йили ёз ойларида “Очиқ туризм мавсуми” эълон қилиниб, туризм соҳасини рағбатлантиришга қаратилган қўшимча механизмлар ишга туширилади.

Жумладан, хорижий давлатлардан Ўзбекистонга янги авиақатновларни йўлга қўйган маҳаллий ва хорижий авиакомпанияларга харажатларнинг бир қисми давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Шунингдек, ҳар бир жалб қилинган хорижий турист учун 100 АҚШ доллари миқдорида субсидия ажратилади.

Дастур доирасида Ўзбекистон резиденти бўлган туроператорларга ҳам қўшимча рағбатлар белгиланган. Хусусан, салоҳиятли хорижий давлатлардан жалб қилинган ҳар 1 000 нафар сайёҳ учун туроператорларга 5 минг АҚШ доллари миқдорида субсидия тўланади.

Бундан ташқари, туроператорлик ва меҳмонхона хизматлари бўйича қўшилган қиймат солиғининг (ҚҚС) 50 фоизи кэшбек шаклида қайтарилади.

Қарорга мувофиқ, Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини халқаро миқёсда тарғиб қилиш мақсадида ижтимоий тармоқларда 5 миллиондан ортиқ кузатувчига эга бўлган 50 нафар хорижий блогер учун мамлакат бўйлаб 7 кунлик бепул туристик дастурлар ташкил этилади.

Шунингдек, дунёнинг йирик онлайн сайёҳлик платформаларида Ўзбекистонни туристик йўналиш сифатида тарғиб қилиш билан боғлиқ харажатлар ҳам қоплаб берилади.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур чора-тадбирлар мамлакатнинг халқаро туризм бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш, янги авиақатновлар сонини кўпайтириш ва хорижий сайёҳлар оқимини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид