Жаҳон | 10:02
1948
3 дақиқада ўқилади

Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди

Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат Қуролли кучларида кенг кўламли ислоҳотлар бошланганини маълум қилди. Янги тартибга кўра, ҳарбий хизматчилар учун муддатли контрактлар жорий этилади, маошлар сезиларли оширилади ва хорижликларни жалб қилиш механизми кенгайтирилади.

Фото: Yevhen Titov/AP Photo/dpa/picture alliance

Украина Қуролли кучларида ҳарбий хизматни ташкил этиш тизими тубдан ўзгариши мумкин. Бу ҳақда мамлакат президенти Володимир Зеленский 12 июн куни қилган мурожаатида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, энди армияда аниқ муддатларга мўлжалланган уч турдаги контрактлар амал қилади. Контрактлар 10 ой, 14 ой ёки 24 ой муддатга тузилади ҳамда уларнинг тугаш шартлари олдиндан белгилаб қўйилади.

Зеленский ҳарбий хизматчиларнинг моддий таъминоти ҳам оширилишини билдирди. Янги тизимга кўра, фронтдан узоқ ҳудудларда хизмат қилаётган ҳарбийлар камида 30 минг гривна (тахминан 580 евро) маош олади.

Жанг чизиғининг биринчи сафига жалб қилинган ҳарбий хизматчиларнинг ойлик даромади ўртача 300 минг гривнага (қарийб 5800 евро) етказилади. Шунингдек, жанговар бўлинмалар қўмондонлари учун ҳам қўшимча тўловлар жорий этилади.

Президентнинг айтишича, Украина ҳукумати янги тўлов механизмларини июнь ойининг ўзида ишга тушириши керак.

Пиёда аскарлар учун рекорд даражадаги маош

Зеленский эълон қилган алоҳида видеомурожаатда ислоҳотларнинг тафсилотлари келтирилди.

Унга кўра, Украина пиёда қўшинлари дунёдаги энг юқори ҳақ тўланадиган жанговар мутахассислардан бирига айланиши мумкин. Энг юқори маош миқдори 460 минг гривнага (тахминан 8900 евро) етиши кутилмоқда.

Бу маблағ таркибига 20 минг гривна базавий таъминот, ҳар бир жанговар навбатчилик куни учун 10 минг гривна, қидирув-зарба операциялари учун 20 минг гривна ва ҳужум ҳаракатлари учун 40 минг гривнадан тўловлар киради.

Янги тизимда қўшимча тўловлардан нафақат контракт асосида хизмат қилаётганлар, балки сафарбарлик орқали чақирилган ҳарбийлар ҳам фойдаланиши мумкин.

Хорижликлар учун рекрутинг кенгайтирилади

Ислоҳотлар доирасида Украина армиясига хорижликларни жалб қилиш тизимини ҳам кенгайтириш режалаштирилган.

Зеленскийнинг билдиришича, келгусида ҳужумкор ва пиёда бўлинмаларининг ярмидан кўпроғини хорижий легионерлар ташкил этиши мақсад қилинган. Бу жараёнда хусусий рекрутинг компаниялари хорижлик кўнгиллиларни танлаб, Украинага юбориш билан шуғулланади.

Украина мудофаа вазири Михаил Федоров эса ҳарбийлар учун янги рақамли хизматлар ишга туширилишини маълум қилди. Хусусан, “Армія+” платформаси орқали бир ҳарбий корпус таркибидаги бўлинмалар ўртасида автоматик ўтиш имконияти яратилади.

Унинг таъкидлашича, хизмат жойини ўзгартириш имконияти ҳарбийларни армия сафида сақлаб қолишга ёрдам беради.

Россия ҳам армия сонини оширмоқда

Шу куни Россия президенти Владимир Путин мамлакат қуролли кучлари штат сонини яна ошириш ҳақидаги фармонни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ, Россия армиясининг умумий штат сони 2,399 миллион кишига етказилади. Уларнинг 1,51 миллиони ҳарбий хизматчилардан иборат бўлади.

Путиннинг маълум қилишича, ҳозирда Украинадаги урушда 700 мингдан ортиқ россиялик ҳарбий иштирок этмоқда.

Бу жорий йил бошидан буён Россия армияси сонининг иккинчи марта оширилиши ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид