Жаҳон | 09:15
1764
3 дақиқада ўқилади

Европа етакчилари АҚШ–Эрон келишувини олқишлади

Франция, Германия, Британия ва Италия раҳбарлари АҚШ ҳамда Эрон ўртасида имзоланиши режалаштирилган тинчлик келишувини қутлаб, уни Яқин Шарқда барқарорликни тиклаш ва жаҳон иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатиш сари муҳим қадам сифатида баҳолади. Шу билан бирга, улар Эрон ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўлмаслиги кераклигини таъкидлади.

Фото: REUTERS

15 июн куни эълон қилинган қўшма баёнотда Франция президенти Эммануэл Макрон, Германия канцлери Фридрих Мерц, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва Италия бош вазири Жоржа Мелони АҚШ ҳамда Эрон ўртасида 19 июн куни имзоланиши кутилган келишувни юқори баҳолади.

Европа етакчилари мазкур келишув минтақадаги кескинликни юмшатиш, хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда глобал иқтисодиёт барқарорлигига хизмат қилишини қайд этди. Улар музокаралар жараёни иштирокчиларини дипломатик ютуқ билан табриклаб, келишувнинг тез ва тўлиқ амалга оширилиши муҳимлигини урғулади.

Қўшма баёнотда Ҳўрмуз бўғозида кемалар ҳаракатини зудлик билан тиклаш зарурлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Европа давлатлари бу борада халқаро саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдириб, зарурат туғилса, муҳим денгиз йўлагини миналардан тозалаш ишларида ҳам иштирок этишини маълум қилди.

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер алоҳида баёнотида Ҳўрмуз бўғози орқали халқаро кемалар ҳаракати ҳеч қандай қўшимча тўловларсиз тикланиши лозимлигини таъкидлади. Унинг фикрича, бу жаҳон иқтисодиётига таъсир кўрсатган ҳарбий можароларнинг салбий оқибатларини юмшатишга ёрдам беради.

Франция президенти Эммануэл Макрон эса Эроннинг ядровий ва баллистик дастурлари билан боғлиқ масалалар ҳамон жиддий хавотир уйғотаётганини қайд этди. Кир Стармер бу борада янада қатъий позиция билдириб, «Эрон ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўлмаслиги керак», дея таъкидлади.

Ушбу позиция Европа етакчиларининг қўшма баёнотида ҳам акс этган. Ҳужжатда Эроннинг ядровий қурол яратишига ҳар қандай шароитда йўл қўйилмаслиги қайд этилган.

Шунингдек, Франция, Германия, Британия ва Италия АҚШ, Эрон ҳамда Атом энергияси халқаро агентлиги билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Улар Эрон томонидан ядровий дастур юзасидан аниқ ва текшириш мумкин бўлган қадамлар ташланган тақдирда, тегишли санкцияларни бекор қилиш имкониятини ҳам қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Таҳлилчилар фикрича, агар келишув муваффақиятли амалга оширилса, у Яқин Шарқдаги хавфсизлик вазиятини барқарорлаштириш ва халқаро энергетика бозорларидаги босимни камайтиришга хизмат қилиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид