Жаҳон | 11:05
1795
3 дақиқада ўқилади

Каллас: ғарб санкциялари Россияга 1,3 трлн еврога тушди

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Калласнинг маълум қилишича, ғарб давлатлари томонидан Россияга қарши жорий этилган санкциялар Москва иқтисодиётига 1–1,3 триллион евро миқдорида зарар етказган. Айни пайтда Европа Иттифоқи Россияга қарши 21-пакет санкцияларини тайёрламоқда.

Фото: picture alliance

15 июн куни Люксембургда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида Россиянинг ҳарбий-саноат комплекси, «соя флоти» ҳамда гибрид таъсир тармоқларига қарши қаратилган янги чеклов чоралари тасдиқланди.

Кая Калласнинг айтишича, навбатдаги санкциялар доирасида Россиянинг 34 нафар жисмоний шахси ва 47 та юридик шахсига нисбатан қўшимча чекловлар жорий этилган. Шу билан бирга, Европа Иттифоқи Россияга қарши 21-пакет санкцияларини ишлаб чиқишни давом эттирмоқда ва уни яқин ойларда қабул қилиш режалаштирилган.

«Ҳар бир санкция Россиянинг ҳаракат қилиш имкониятларини чеклаб бормоқда. Рақамларнинг ўзи кўп нарсани англатади. Ғарб санкциялари Россияга тахминан 1 триллиондан 1,3 триллион еврогача зарар келтирди. Бу маблағлар Украинага қарши уруш олиб бориш учун сарфланмади», — деди Каллас.

Йиғилишда Россиянинг Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларида иштирок этган шахсларга нисбатан ҳам янги чекловлар муҳокама қилинди. Хусусан, Эстония ташаббуси билан Россия армияси сафида жанг қилган шахсларнинг Европа Иттифоқи ҳудудига киришини тақиқлаш таклифи кўриб чиқилмоқда.

Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Цахкнанинг таъкидлашича, гап Украинада жанг қилган 600 мингдан ортиқ россиялик ҳарбий ҳақида бормоқда. Уларнинг Европа хавфсизлиги учун эҳтимолий таҳдид туғдириши мумкинлиги қайд этилган.

Каллас Европа Иттифоқида бундай шахсларни аниқлаш учун зарур разведка маълумотлари мавжудлигини билдириб, уларнинг Шенген ҳудудига киришини чеклаш мумкинлигини таъкидлади.

Шунингдек, Европа Иттифоқи бир қатор хитойлик ташкилотларга қарши ҳам санкциялар жорий қилди. Брюссел Пекинни Россиянинг Украинага қарши урушида муҳим ёрдамчи омиллардан бири сифатида баҳоламоқда.

Калласнинг сўзларига кўра, Европа давлатлари хитойлик ҳарбий мутахассислар томонидан россиялик ҳарбийларга тайёргарлик ўтказилаётгани ҳақидаги маълумотларни ҳам муҳокама қилган.

Европа дипломатияси раҳбари Люксембургда россиялик опера хонандаси Анна Нетребконинг концертига ҳам муносабат билдирди. У Россия Украинада маданий мерос объектларига ҳужумларни давом эттираётган бир пайтда Европа давлатлари россиялик маданият намояндалари учун «қизил гилам» ёймаслиги кераклигини таъкидлади.

Калласнинг қайд этишича, ҳозирча Европа Иттифоқида россиялик санъаткорларнинг чиқишларини тақиқловчи умумий санкциялар мавжуд эмас ва ҳар бир давлат бу масалада мустақил қарор қабул қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид