Ўзбекистон | 10:29
1126
2 дақиқада ўқилади

Президент: Инвесторлар учун янги ҳуқуқий кафолатлар яратилади

Ўзбекистонда инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро молиявий хизматлар бозорини ривожлантириш мақсадида Тошкент халқаро молия маркази ташкил этилади. Унинг иштирокчилари учун махсус ҳуқуқий режим ҳамда 50 йиллик солиқ имтиёзлари жорий қилиниши режалаштирилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида маълум қилди.

Давлат раҳбари инвесторлар учун ҳуқуқий кафолат тизимини янада кучайтириш мамлакатнинг устувор вазифаларидан бири эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, инвесторлар ҳуқуқларини кучли институтлар ва халқаро тан олинган механизмлар орқали таъминлаш ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Шу муносабат билан жорий йилнинг март ойидан Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш бўйича ишлар бошланган. Марказнинг ҳуқуқий асослари алоҳида Конституциявий қонун билан мустаҳкамланади.

Президентнинг таъкидлашича, марказ иштирокчилари учун жозибадор солиқ тизими яратилади. Хусусан, фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, мол-мулк солиғи ҳамда божхона божлари ноль фоиз этиб белгиланади. Шунингдек, капиталнинг эркин ҳаракати ва исталган валютада ҳисоб-китоб қилиш имконияти кафолатланади.

Марказ ҳудудида молиявий технологиялар, рақамли активлар ва «яшил» молияни ривожлантириш учун замонавий инфратузилма шакллантирилади. Бундан ташқари, норматив ҳужжатлар қабул қилиш ваколатига эга мустақил молиявий регулятор ташкил этилади.

Дастлабки босқичда мазкур имтиёзлар ва махсус режимнинг амал қилиш муддати 50 йил этиб белгиланиши маълум қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид