Президентнинг таъкидлашича, инвесторлар учун ҳуқуқий кафолатларни кучайтириш мақсадида Тошкент халқаро молия маркази ташкил этилади. Унда Англия ҳуқуқига асосланган махсус ҳуқуқий тартиб жорий қилиниб, нуфузли хорижий судялар иштирокида мустақил Тошкент халқаро тижорат суди фаолият кўрсатади.

Шунингдек, инвестицион медиация тизими ривожлантирилиб, Ўзбекистон БМТнинг Медиация тўғрисидаги Сингапур конвенциясига қўшилишни режалаштирмоқда. Бу инвесторларга мамлакатнинг ўзида халқаро ҳуқуқий ҳимоя механизмларидан фойдаланиш имконини беради.

Форумда капитал бозорини ривожлантириш ва муқобил молия воситаларини кенгайтириш чоралари ҳам маълум қилинди. Жумладан, халқаро клиринг компаниялари учун янги имкониятлар яратилиши, суверен ислом облигациялари — сукук дастурининг ишга туширилиши ва йирик давлат активларини хусусийлаштириш жараёнлари давом эттирилиши қайд этилди.

Президент, шунингдек, юқори қўшилган қийматли саноат лойиҳалари, «яшил» энергетика, дата-марказлар ва сунъий интеллект соҳаларига инвестициялар жалб қилиш бўйича янги имкониятларни тақдим этиб, маҳаллий ва хорижий инвесторларни ушбу лойиҳаларда фаол иштирок этишга чақирди.