Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Боғчадан ҳовузгача: болакайни ўлимга олиб борган тўсиқсиз йўл
Самарқандда 2,5 яшар боғча тарбияланувчиси муассаса ҳудудидан чиқиб кетган. Бу пайтда боғча дарвозаси очиқ, қўшни мактаб атрофидаги тўсиқ бузилган, аксига олиб сув ҳавзаси атрофидаги темир панжара эса тўлиқ эмасди. Шу тариқа фалокатнинг олдини олиши мумкин бўлган бир нечта хавфсизлик ҳалқалари бир вақтнинг ўзида ишламай қолди.
Натижада «Юлдузча» нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Муҳаммадали қўшни мактаб ҳовлисидаги сув ҳавзасига тушиб кетиб, ҳалок бўлди.
Фожиа 2026 йил 5 июн куни Пайариқ туманида содир бўлган. Kun.uz воқеа жойида бўлиб, боланинг яқинлари, муассаса масъуллари ва мутасаддилар билан суҳбатлашди.


Муҳаммадалининг бувиси Зебинисо Ниятованинг айтишича, унга набираси сувга тушиб кетгани ҳақида хабар беришган. Муҳаммадали оиладаги учинчи набира бўлиб, ака-укалари ҳам шу боғчага қатнаган.

Бола йўқолиб қолгани маълум бўлгач, тарбиячилар ҳам уни излашга чиққан. Аммо фожиа аллақачон содир бўлганди.
Бувининг айтишича, Муҳаммадалининг акаси у қандай ҳолатда топилганини ўз кўзи билан кўрган.
«Набирам ҳали тирик бўлган...»
Боланинг она томондан бувиси Феруза Маҳрамова воқеанинг яна бир жиҳатига эътибор қаратди. У воқеа гувоҳларига таяниб айтишича, Муҳаммадали сувдан чиқарилган вақтда ҳали ҳаёт аломатлари бўлган.
«Биринчи ёрдам вақтида кўрсатилганда вазият бошқача бўлармиди?» - дейди Маҳрамова.

Фожиа оила учун яна бир жиҳатдан оғир кечган. Муҳаммадали ҳалок бўлганидан бир кун ўтиб, унинг онаси навбатдаги фарзандини дунёга келтирган.
Шу тариқа, бир оила бир вақтнинг ўзида ҳам фарзанд доғини, ҳам чақалоқ қувончини қарши олди.
Фожиага олиб борган йўл
Kun.uz воқеа содир бўлган ҳудудни кўздан кечирди. Боғча ва қўшни 58-мактаб – битта йўлнинг шундоққина икки тарафида жойлашган. Муҳаммадали боғчадан чиққанидан кейин мактаб ҳудудига ўтиб кетган. Бунга икки ҳудуд орасидаги бетон тўсиқнинг бузилган қисми имкон берган.


Шунингдек, мактаб ҳовлисида фавқулодда вазиятлар учун ташкил этилган сув ҳавзасини ўраб турган темир панжаранинг бир қисми ҳам мавжуд бўлмаган. Натижада кичик ёшли боланинг ҳавза ҳудудига кириши учун амалда ҳеч қандай тўсиқ қолмаган.
Айни вақтда бетон тўсиқ ҳам, ҳавза атрофидаги панжаралар ҳам тикланган.
Бу эса табиий саволни туғдиради: агар бу камчиликлар фожиадан кейин қисқа вақт ичида бартараф этилган бўлса, нега улар олдинроқ тузатилмаган?
Мактаб директори нима дейди?
58-мактаб директори Дилноза Пирназарованинг айтишича, мазкур тўсиқ аввал ҳам бир неча марта бузилган: айрим фуқаролар деворни қайта-қайта синдириб кетган, ҳатто бу ҳолат бўйича икки киши маъмурий жавобгарликка ҳам тортилган.


Директор ҳавзага сув яқинда қуйилганини айтди. Унинг таъкидлашича, Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари ҳавза доимо сув билан тўлдирилган ҳолда сақланиши кераклигини талаб қилиб келган ва бу талаб бажарилмагани учун мактаб бир неча бор жаримага ҳам тортилган.
Шундан кейин ҳавзага сув тўлдирилган. Бироқ ҳавза атрофидаги хавфсизлик чоралари етарлича таъминланмаган.
Бола боғчадан қачон чиқиб кетган?
«Юлдузча» боғчаси мудираси Меҳринисо Қўчқорованинг айтишича, муассасадаги болалар ҳар куни турмуш ўртоғига тегишли Damas автомобилида уйларига тарқатилади.


Унинг сўзларига кўра, 5 июн куни соат тахминан 16:30 ларда автомобил келган ва болаларни чиқариш бошланган. Шу вақтда Муҳаммадали кўринмай қолган.
Мудиранинг айтишича, тарбиячилар ва бошқа ходимлар дарҳол қидирувга чиққан. Тарбиячилардан бири мактаб ҳовлисига ўтиб, ҳавза устида сузиб юрган боланинг оёқ кийимини кўрган. Шундан кейин муассаса раҳбарининг турмуш ўртоғи ҳавзага тушиб, болани сувдан чиқариб олган.
Қўчқоровага кўра, ўша вақтда Муҳаммадалида ҳаёт аломатлари бўлган.
Пайариқ тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими бош мутахассиси Фазлиддин Дудашевнинг маълум қилишича, ҳозирда ҳодисага ва муассаса фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш чоралари кўрилмоқда.
Унинг айтишича, боғча фаолиятини вақтинча тўхтатиш ёки бошқа қатъий чоралар кўриш бўйича масъул ташкилотларга таклиф киритилиши мумкин.
Бош прокуратура маълумотига кўра, ҳозирда ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бу биринчи ҳолат эмас
Муҳаммадалининг ўлими билан боғлиқ яна бир ташвишли жиҳат бор.
Маълум бўлишича, тахминан уч ой аввал «Юлдузча» боғчасининг транспорти иштирокида нохуш ҳодиса рўй берган.
Ота-оналардан бирининг айтишича, тарбияланувчи қизалоқ уйига олиб келинганда муассаса автомобили уни туртиб юборган. Натижада бола жароҳат олиб, узоқ вақт даволанган.
Боғчаларда хавфсизлик муаммоси
Сўнгги пайтларда боғчаларда болаларнинг хавфсизлиги таъминланмаётгани жуда кўп бахтсиз ҳодисаларга олиб келмоқда.
Эътиборлиси, 2,5 яшар Муҳаммадалининг ўлими воқеасида биргина инсоннинг хатоси эмас, балки хавфсизликнинг бир нечта ҳалқаси бир вақтнинг ўзида узилганини кузатиш мумкин.
Қайд этиш лозим, Муҳаммадали ҳалок бўлишидан бир кун аввал Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида ҳам боғча билан боғлиқ фожиа содир бўлганди. У ерда қизалоқ муассаса автомобилида унутиб қолдирилган ва вафот этган.
Икки кун ичида икки ҳудудда икки бола ҳаётдан кўз юмди. Охирги ойларда шунга ўхшаш бошқа ҳолатлар ҳам рўй берди. Бу эса боғчаларда болалар хавфсизлиги борасида жиддий, тизимли муаммолардан дарак бераётгандек.
Мавзуга оид
11:41 / 19.05.2026
Учкўприк ҳокими ташландиқ боғча муаммосидан нега кўз юмяпти?
20:51 / 07.07.2025
Андижонда 9 ёшли икки бола фермер хўжалиги ҳовузига чўкиб кетди
23:01 / 14.03.2019
Хитойлик боланинг юраги уришдан тўхтаганди, бироқ 2 соат деганда мўъжиза рўй берди
14:20 / 17.08.2016