Жаҳон | 08:49
1217
2 дақиқада ўқилади

Покистон: Эрон Ҳўрмуз бўғозини зудлик билан очади

Покистон бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг маълум қилишича, АҚШ ва Эрон ўртасидаги урушни тўхтатишга қаратилган меморандум кучга кирган ва шу муносабат билан Ҳўрмуз бўғози яқин вақт ичида халқаро кемалар ҳаракати учун қайта очилади. Шу билан бирга, АҚШ Эрон портларига нисбатан қўлланаётган блокадани бекор қилиши кутилмоқда.

Фото: REUTERS

18 июн куни Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида АҚШ ва Эрон ўртасида имзоланган меморандум амалда кучга кирганини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, келишувга мувофиқ, стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳўрмуз бўғози кемалар қатнови учун зудлик билан очилади. Айни пайтда АҚШ томонидан Эрон портларига нисбатан қўллаб келинган чекловлар ва блокада чоралари ҳам бекор қилиниши лозим.

Маълум қилинишича, АҚШ президенти Доналд Трамп ва Эрон президенти Масъуд Пезешкиён 17 июн куни ўзаро англашув меморандумини имзолаган. Ушбу ҳужжат асосида кейинги 60 кун давомида томонлар ўртасида якуний тинчлик шартномаси бўйича музокаралар олиб борилади.

Шаҳбоз Шарифнинг қайд этишича, ҳужжат давлат раҳбарлари томонидан рақамли тарзда имзоланган бўлса-да, унинг расмий тантанали имзолаш маросими 19 июн куни Швейцарияда ўтказилиши режалаштирилган.

Маросим Қатар кўмагида Люцерн шаҳри яқинидаги Бюргеншток курорт мажмуасида бўлиб ўтади. Покистон томони бу тадбирни АҚШ ва Эрон муносабатларидаги муҳим босқич сифатида баҳоламоқда.

Покистон бош вазирининг сўзларига кўра, мазкур учрашув якуний тинчлик келишуви бўйича техник даражадаги музокараларга расман старт бериши кутилмоқда.

Экспертлар фикрича, Ҳўрмуз бўғозининг қайта очилиши жаҳон энергетика бозорлари учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки дунё нефт экспортининг катта қисми айнан мазкур денгиз йўлаги орқали амалга оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид