Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путинга яқин деб ҳисобланган бизнесмен қамоққа олинди
Москва суди Россиянинг нуфузли тадбиркорларидан бири, оммавий ахборот воситаларида “Путиннинг дўсти” сифатида тилга олинадиган Иля Траберни буюртма қотилликда гумон қилиб ҳибсга олди. У билан бирга қотилликни амалга оширгани айтилган шахс ҳам икки ойга қамоққа жўнатилди.
Москва шаҳрининг Басманний туман суди 17 июн куни россиялик бизнесмен Иля Траберга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш қарорини чиқарди. Тергов маълумотларига кўра, у буюртма асосида содир этилган қотилликни ташкил қилишда гумон қилинмоқда.
Суд қарорига мувофиқ, Трабер ҳамда иш бўйича иккинчи айбланувчи — қотилликни амалга оширгани тахмин қилинаётган Алисултан Надирбегов икки ой муддатга тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди.
Уларга уюшган жиноий гуруҳ таркибида ғаразли мақсадларда қотиллик содир этиш ҳамда қурол-яроғларни ноқонуний муомала қилиш билан боғлиқ моддалар бўйича айблов эълон қилинган.
Тергов материалларига кўра, мазкур жиноят иши 2020 йилда петербурглик муниципал депутат ва тадбиркор Александр Петровнинг ўлдирилиши билан боғлиқ. У Ленинград вилоятининг Виборг туманида жойлашган қишлоқ ҳовлисида снайпер милтиғи орқали отиб кетилган эди.
Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, иш доирасида жами тўрт нафар шахс қўлга олинган. Қолган икки гумонланувчига нисбатан эҳтиёт чораси яқин вақтларда белгиланиши кутилмоқда.
75 ёшли Иля Трабер Россиянинг порт инфратузилмаси соҳасидаги йирик тадбиркорлардан бири ҳисобланади. Унинг фаолияти Санкт-Петербург ва мамлакатнинг шимоли-ғарбий қисмидаги денгиз портлари билан боғлиқ бўлган. Шунингдек, у 1990-йилларда антиквариат савдоси билан шуғулланган ва “Петербург нефт терминали” компанияси фаолиятида муҳим ўрин тутган.
Матбуотда келтирилишича, Трабер Санкт-Петербург шаҳар маъмуриятида фаолият юритган даврда Владимир Путин билан таниш бўлган.
Айрим хорижий ва мустақил нашрлар уни жиноий доиралар билан алоқадорликда ҳам гумон қилиб келган. Хусусан, 2016 йилда Испания ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари уни “рус мафияси”га оид иш доирасида қидирувга берган эди.
2018 йилда эса Трабер ўзини “Тамбов уюшган жиноий гуруҳи” аъзоси деб атаган журналистларга қарши судга мурожаат қилган. Ўша пайтда айрим ОАВ унинг Россиянинг шимоли-ғарбидаги деярли барча йирик портларда бизнес манфаатлари мавжудлигини таъкидлаган эди.
Ҳозирча Трабер ва унинг ҳимоячилари билдирилган айбловлар бўйича расмий муносабат билдирмаган.
Мавзуга оид
10:40
ЕИ ва Кремл ўртасида норасмий алоқалар бўлгани хабар қилинди
08:45
G7 баёнотидан сўнг Киев яна ҳужумга учради
22:32 / 17.06.2026
Трамп Россия ва Хитойни «бутун дунёни портлатиб юбормаслик» учун ядровий келишувга чақирди
17:21 / 17.06.2026