Жамият | 10:01
1543
2 дақиқада ўқилади

Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ йирик фирибгарликлар фош этилди

Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида фуқароларни Жанубий Кореяга ишга жўнатишни ваъда қилиб, улардан йирик миқдорда пул олган шахслар фош этилди. Ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент органлари томонидан ўтказилган текширувлар давомида Кореяга ишга юбориш баҳонасида фуқароларни алдаш билан боғлиқ қатор ҳолатлар аниқланди.

Жумладан, Фарғона вилоятида миграция агентлигининг собиқ раҳбари 8 нафар фуқарони имтиҳонлардан ўтказиб, Кореяга ишга юборишни ваъда қилиб, улардан жами 90 минг АҚШ долларини олгани маълум бўлди.

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида икки нафар шахс 22 нафар фуқарони Кореяга ишга жўнатишни ваъда қилиб, 34,2 минг АҚШ доллари ҳамда 79,3 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Жиззах вилоятида эса муқаддам судланган фуқаро олти нафар шахсдан Кореяга ишга жойлаштириш баҳонасида 32,2 минг АҚШ долларини олгани аниқланган.

Шунингдек, Сирдарё, Самарқанд, Фарғона, Бухоро ва Жиззах вилоятларида ҳам худди шундай усулда фуқаролардан минглаб доллар маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари фош этилди.

Текширувлар давомида айрим ҳолатларда жабрланувчиларга пул маблағларининг бир қисми қайтарилгани процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, айни вақтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларни хорижга ишга жўнатиш масаласида фақат расмий ва ваколатли ташкилотлар хизматларидан фойдаланишга чақирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид