Маълум қилинишича, департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Терговга қадар текширув материалларига кўра, фуқаро З.Ю. бошқа бир фуқаронинг ишончига кириб, ўзини гўёки Андижон вилояти Статистика бошқармаси ходими сифатида таништирган. У Андижон туманидаги Йўлдош Охунбобоев массивида жойлашган давлат захираси ер майдони аукцион орқали унинг фарзанди номига расмийлаштирилгани ҳақида ёлғон маълумот берган.

Шундан сўнг мазкур 40 сотих ер майдонининг ҳужжатларини келгусида харидор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, бу хизмат учун 160 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Тезкор тадбир давомида гумонланувчи келишилган маблағнинг дастлабки қисми ҳисобланган 80 минг АҚШ долларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда ишнинг барча ҳолатларини аниқлашга қаратилган тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мутасаддилар фуқароларни ер ажратиш, аукцион савдолари ва мулкни расмийлаштириш билан боғлиқ масалаларда фақат расмий манбалар ва қонуний тартибларга таянишга чақирмоқда.