Жамият | 08:40
571
2 дақиқада ўқилади

Тиббиёт муассасаларига ишга киритиш билан боғлиқ фирибгарликлар аниқланди

Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида фуқароларни тиббиёт муассасаларига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, улардан минглаб доллар ва пул маблағларини олган шахслар фош этилди. Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Жарқўрғон тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда тез тиббий ёрдам станциясининг собиқ ходими 4 нафар фуқарони мазкур муассасага ҳайдовчи вазифасига ишга киритиб қўйишини айтиб алдагани аниқланди.

У фуқаролардан жами 3 400 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган бўлиб, текширув давомида ушбу маблағнинг 600 АҚШ доллари қайтарилгани процессуал тартибда расмийлаштирилди.

Шунингдек, департаментнинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган текширувда фуқаро Н.Ж. икки нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали вилоят Перинатал маркази ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиалига ҳамширалик вазифасига ишга жойлаштириб беришини ваъда қилгани маълум бўлди.

У мазкур хизмат эвазига фуқаролардан 3 300 АҚШ доллари ва 9,7 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан олгани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, айни вақтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид