Ўзбекистон | 16:47
1506
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида экология масъулларига қатъий чоралар кўрилди

Тошкент вилояти Экополиция бошлиғи ўринбосари ҳамда 8 туман ва шаҳар бўлимлари бошлиқлари лавозимидан озод этилди.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси, Экополиция бошлиғи Азиз Абдуҳакимов раислигида Тошкент вилоятида экологик назорат соҳасида йўл қўйилган камчиликлар ва ҳуқуқбузарликларга қарши чоралар самарадорлигига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда Тошкент вилоятида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги бир қанча камчиликлар танқид остига олинди. Хусусан, экологик назорат суст олиб борилгани, хўжалик юритувчи субъектларда назорат етарли даражада эмаслиги, экологик экспертиза хулосасисиз ва дарё муҳофаза зонасида рухсатсиз фаолият юритаётган объектлар бўйича етарлича назорат ўрнатилмагани таъкидланди.

Шунингдек, Чирчиқ дарёси ўзанида ноқонуний қум-шағал аралашмаси қазиб олиниши ҳамда муҳофаза майдонига чиқиндилар жойлаштирилаётгани ҳолатлари бўйича назорат таъминланмагани қайд этилди. Шу билан бирга, ҳар бир туман ва шаҳар фаолияти танқидий тартибда таҳлил қилиниб, экологик назоратни ташкил этишдаги сусткашлик ва масъулиятсизлик ҳолатлари ҳам айтиб ўтилди.

Йиғилиш давомида йўл қўйилган камчиликлар юзасидан масъулларга нисбатан қатъий жазо чоралари қўлланган. Хусусан, Тошкент вилояти Экополиция бошлиғи ўринбосари ва саккизта туман ҳамда шаҳар бўлимлари бошлиқлари лавозимидан озод этилган. Ўз навбатида, Тошкент вилояти Экология бош бошқармасига аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур топшириқ ва вазифалар белгилаб берилган.

«Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош бошқармаларига Тошкент вилояти мисолида ўз фаолияти юзасидан тегишли хулоса чиқариб, аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш, назорат самарадорлигини ошириш ҳамда аҳоли ўртасида экологик маданиятни юксалтиришга қаратилган вазифалар юклатилди.

Таъкидлаш жоизки, экологик назорат республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам кучайтирилган бўлиб, ҳар қандай масъулияцизлик кескин жазо чоралари қўлланилишига сабаб бўлади», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид