Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ ва Эрон музокараларнинг биринчи раунди якунланди. Нималар маълум?
Воситачи давлатлар – Қатар ва Покистон қўшма баёнотида айтилишича, АҚШ ва Эрон 60 кун ичида якуний келишувга эришиш бўйича «йўл харитаси»га келишиб олган. Техник музокаралар эса ҳафта охиригача давом этади.
Швейцарияда АҚШ ва Эроннинг юқори мартабали расмийлари ўртасидаги музокараларнинг биринчи раунди 22 июнь куни тонгда якунланди. Музокаралар бошланишидаги кескинликка — Теҳроннинг Ҳўрмуз бўғозини яна ёпганини эълон қилиши ва АҚШ президентининг Эронга нисбатан ҳужумларни қайта тиклаш ҳақидаги таҳдидлари сабаб бўлди.
АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс якшанба куни Эрон расмийлари билан музокараларни бошлаган эди. Ушбу музокаралар ўтган ҳафтада эришилган ўзаро англашув меморандуми шартларига мувофиқ ўтказилди. Reutersʼнинг ёзишича, муҳокамалар душанба куни тонггача давом этган.
Воситачи давлатлар – Қатар ва Покистон қўшма баёнотида айтилишича, АҚШ ва Эрон 60 кун ичида якуний келишувга эришиш бўйича «йўл харитаси»га келишиб олган. Қатар Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган баёнотга кўра, техник музокаралар ҳафтанинг охиригача Швейцариянинг тоғли Бюргеншток курортида давом этади. Ушбу курорт Қатарга тегишли.

Баёнотда қайд этилишича, томонлар Ливандаги ҳарбий ҳаракатларга чек қўйиш механизмига келишиб олган. Шунингдек, Ҳўрмуз бўғози орқали тижорат кемаларининг хавфсиз ўтишини таъминлаш мақсадида кўнгилсиз ҳодисалар ва тушунмовчиликларнинг олдини олиш учун «алоқа линияси» ташкил этилган.
АҚШ дипломатининг BBC'га айтишича, муҳокамалар ядровий келишувнинг «элементлари»га ҳам қаратилган. Шунингдек, у Швейцариянинг Люцерн шаҳрида учрашган ҳар икки делегация бугунги ишни келгусида давом этадиган техник музокаралар учун бошланғич нуқта сифатида кўраётганини билдирди.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи унинг мамлакати нефть ва нефть-кимё экспорти учун чекловлардан истиснолар олишга, музлатилган айрим активларни қайтаришга ҳамда Эронни қайта тиклаш ва ривожлантириш режасини ишга туширишга муваффақ бўлганини маълум қилди. Оқ уй музокаралар ҳозирча якунлангани борасида муносабат билдирмади.
АҚШ ва Эрон ўртасида якуний келишувга эришиш мақсадида ўтказилган музокараларнинг биринчи раунди «руҳлантирувчи силжиш» билан якунланди, деб баёнот берди воситачилар.
Музокараларга кимлар келди?
АҚШ делегациясига вице-президент Жей Ди Вэнс бошчилик қилди. Шунингдек, президент Трампнинг куёви Жаред Кушнер ва махсус вакили Стив Уиткофф ҳам келди.
Эрон делегациясига эса парламент спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф ва ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи бошчилик қилди.
Шунингдек, воситачилар қаторида Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ва армия қўмондони, фельдмаршал Асим Мунир келди. Қатар бош вазири шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ал Сани ҳам музокараларда қатнашди.
Музокаралар бошланишидаги кескинлик
Якшанба куни музокаралар расман бошланишидан бироз олдин, Трампнинг Эрон расмийларига агар улар бўғозни яна ёпишга уринса, «мамлакатингиз қолмайди» деб айтгани ҳақида хабарлар тарқалди. Fox News'га кўра, Трамп АҚШ ушбу сув йўлини ўз назоратига олиши ва эҳтимол ўзи бож ундириши ҳақидаги аввалги таҳдидини яна бир бор такрорлаган.
Эрон ОАВларига кўра, Трампнинг таҳдидлари оммага ошкор бўлгач, Эрон делегацияси музокаралар ўтказилаётган хонага қайтишдан бош тортган. Бироқ хабарлар Покистон ва Қатар воситачилари орқали етказилиб турилган.
Шунингдек, эронликлар ядровий масалалар бўйича музокаралар бошланиши учун меморандумнинг бошқа бандлари, жумладан, музлатилган активларнинг озод этилиши ва АҚШнинг Эрон нефть экспортига рухсат берувчи истиснолари бажарилиши шартлигини айтишган.

«Эронликлар ҳеч қаерга кетишгани йўқ, улар ҳали ҳам шу ерда ва тунда ҳам учрашув ҳамда музокараларни давом эттиришмоқда», деди америкалик дипломат Reuters агентлигига. «Биз бошқа мавзулар қаторида бўғоз, Ливан, ядровий масалалар ва меморандумни амалга ошириш тафсилотларини муҳокама қилдик». АҚШ расмийсининг сўзларига кўра, юқори даражадаги муҳокамалардан кейин техник ходимлар кейинги музокараларни олиб бориш учун қолади.
АҚШ томони баёнотлари
Музокаралар олдидан гапирган АҚШ бош музокарачиси Ж.Д. Вэнс Трамп музокарачилардан муносабатларда «янги саҳифа очишни» сўраганини айтди. Унинг қўшимча қилишича, агар Эрон раҳбарияти «минтақавий беқарорлик ҳаракатлантирувчиси» бўлишдан ва узоқ муддатли истиқболдаги «ядровий қуролга эга бўлиш интилишларидан» воз кечишга тайёр бўлса, АҚШ «ушбу мамлакат билан муносабатларни тубдан ўзгартиришга тайёр». Эрон эса ўзининг ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлашини таъкидлаб келади.

Шунингдек, Вэнс Ливандаги зўравонликлар таъсирини жиддий қабул қилмай, у ерда ҳарбий ҳаракатларни якунлаш борасида силжиш борлигини айтди. «Бундай ишлар ҳар доим бироз чалкаш бўлади», деди у.
Қўшма Штатларда қолган президент эса Трамп агар Эрон ўз иттифоқчиларини жиловламаса, унга қарши ҳужумларни қайта тиклаш билан таҳдид қилди. «Эрон Ливандаги катта ҳақ тўланадиган ЎЗ ВОСИТАЧИЛАРИ муаммо туғдиришини зудлик билан тўхтатиши керак», деб ёзди Трамп ижтимоий тармоқда. У катта эҳтимол билан «Ҳизбуллоҳ»ни назарда тутган. «Агар буни қилишмаса, биз Эронга ўтган ҳафтадагидек, фақат ундан ҳам қаттиқроқ зарба берамиз!!!»
Эроннинг бош музокарачиси Муҳаммад Боқир Ғолибоф бунга жавобан шундай деди: «Улар агар таҳдидлари бирон бир самара берганида, бугун бундай умидсиз аҳволга тушиб қолмаган бўлардилар, деб ўйлашмайдими?... Улар қанчалик кўп гапиришмасин, ҳаракатни биз қиламиз».
Ливандаги жанглар ва Ҳўрмуз масаласи
Жума куни Ливанда янги ўт очишни тўхтатиш режими эълон қилинганига қарамай, у ерда жанглар тугаётганидан дарак берувчи белгилар деярли кўринмади. Натижада Эрон шанба куни бўғозни яна ёпганини айтди.
АҚШ расмийлари бўғоз ёпилганини инкор этишди, бироқ тижорий очиқ юк ташиш маълумотлари бунинг таъсири дарҳол сезилганини кўрсатди.
Эроннинг Фарс ахборот агентлиги якшанба куни ҳарбий манбага таяниб, кейинги огоҳлантиришгача кемаларнинг ўтиши учун янги рухсатномалар берилмаслигини хабар қилди.

Икки кунлик шиддатли жанглар ортидан якшанба куни Ливанда бирмунча вақтдан бери энг тинч кун бўлгандек кўринди, деб ёзмоқда Reuters. Хусусан тун тушгунга қадар ҳеч қандай йирик зўравонликлар ҳақида хабар берилмаган.
Қатар ва Покистоннинг қўшма баёнотига кўра, томонлар Ливан масаласида ҳам келишувга эришган. Хусусан, «Ливанда ҳарбий операциялар тўхтатилишига риоя этилишини таъминлаш мақсадида, ўзаро ва Ливан Республикаси иштирокида ҳамда воситачилар кўмакчилигида зиддиятларни бартараф этиш марказини тузишга келишиб олдилар», дейилади баёнотда.
Мавзуга оид
10:00
Трамп қўллаган номзод Колумбия сайловида етакчилик қилмоқда
09:45
АҚШ, Эрон ва Ливан иштирокида махсус тартибга солиш гуруҳи тузилади
22:10 / 21.06.2026
Эрон Трамп таҳдидларидан сўнг музокараларни давом эттиришдан бош тортди
09:32 / 20.06.2026