Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент вилоятида автоқисмлар дўконида ёнғин чиқди
Тошкент вилоятининг Пискент туманида жойлашган автомобил эҳтиёт қисмлари дўконида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар қайд этилмаган, ёнғин эса қисқа вақт ичида бартараф этилган.
Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси маълумотига кўра, 22 июн куни соат 09:35 да «112» тизими орқали Пискент туманидаги Ойбек маҳалласи ҳудудида жойлашган автомобил эҳтиёт қисмлари дўконида ёнғин юз бераётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Шундан сўнг воқеа жойига қутқарув бўлинмалари жалб қилиниб, улар соат 09:45 да ҳудудга етиб борган. Ёнғин соат 09:48 да қуршаб олинган ва соат 10:14 да тўлиқ ўчирилган.
Қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида бинонинг 300 квадрат метр майдонини ёнғиндан сақлаб қолишга эришилган.
Фавқулодда вазиятлар хизмати маълум қилишича, ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ.
Айни пайтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.