Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Сенати Эронга қарши урушни тугатиш тарафдори
АҚШ Сенати Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни назарда тутувчи резолюцияни маъқуллади. Ҳужжат президент Доналд Трампни Эрон билан боғлиқ жанговар ҳудудлардан америкалик ҳарбийларни олиб чиқишга чақирмоқда, аммо у юридик жиҳатдан мажбурий кучга эга эмас.
Reuters агентлиги маълум қилишича, резолюция Сенатда 50 нафар сенаторнинг қўллаб-қувватлаши ва 48 нафарнинг қарши овоз бериши билан қабул қилинган.
Овоз бериш натижалари АҚШ сиёсий доираларида Эрон билан давом этаётган можаро юзасидан хавотирлар кучайиб бораётганини кўрсатди. Хусусан, айрим республикачи сенаторлар ҳам ҳарбий ҳаракатларнинг узоқ давом этиши бўйича саволлар қўймоқда.
Резолюция матнида Доналд Трамп маъмурияти АҚШ Қуролли кучларини Эронга қарши ёки Эрон билан боғлиқ ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудлардан чиқариши лозимлиги қайд этилган.
Бироқ ҳужжат асосан сиёсий ва рамзий аҳамиятга эга. У қонун кучига эга эмас ва ижроси мажбурий ҳисобланмайди. Шу сабабли президент уни бажаришга мажбур эмас.
Резолюция ташаббускорлари бўлган демократ сенаторлар фикрича, Конгресс мамлакатни янги урушларга жалб қилиш бўйича қарорларда ҳал қилувчи рол ўйнаши керак. Улар Конгресс розилигисиз Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаш мумкин эмаслигини таъкидламоқда.
Оқ уй резолюцияни муҳим деб ҳисобламади
CNN маълумотига кўра, Трамп маъмурияти резолюция қабул қилинишини демократлар учун катта сиёсий ютуқ сифатида баҳоламаган.
Оқ уй вакиллари овоз бериш натижасига айрим республикачи сенаторларнинг мажлисда иштирок этмагани таъсир қилганини билдирган. Шунингдек, маъмурият фикрича, ҳозирда америкалик ҳарбийларни чиқариш талаб этиладиган жанговар ҳаракатлар мавжуд эмас.
Оқ уй баёнотида таъкидланишича, АҚШ ва Эрон ўртасидаги ҳарбий ҳаракатлар 17 апрел куни эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш келишувидан кейин расман якунланган.
АҚШ ва Эрон ўртасида музокаралар давом этмоқда
Шунга қарамай, ўт очишни тўхтатиш режими жорий этилганидан кейин ҳам икки томон ўртасида айрим қуролли ҳужумлар ва кескинлик ҳолатлари кузатилган.
2026 йил июн ойи ўрталарида Вашингтон ва Теҳрон икки ойлик ўзаро англашув меморандумини имзолади. Ҳужжат ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, Эронга нисбатан айрим санкцияларни юмшатиш ҳамда мамлакатни тиклаш учун махсус жамғарма ташкил этишни назарда тутади.
Ҳозирда томонлар кенг қамровли тинчлик келишуви бўйича музокараларни давом эттирмоқда. Доналд Трампнинг сўзларига кўра, ядровий дастур устидан халқаро назорат, санкциялар ва Ҳўрмуз бўғозидаги кемачилик хавфсизлиги масалаларида дастлабки келишувларга эришилган.
АҚШ президентининг таъкидлашича, Эрон халқаро инспекторларга ўзининг ядровий объектларини текшириш имконини беришга розилик билдирган ва бу музокараларнинг кейинги босқичига йўл очган.
Мавзуга оид
09:10
АҚШ Кубага нисбатан санкцион босимни кучайтирмоқда
22:21 / 23.06.2026
Трамп Эроннинг музлатилган маблағлари фақат озиқ-овқат ва дори-дармонга сарфланишини айтди
09:45 / 23.06.2026
Швейцариядаги музокаралардан сўнг Эрон нефти учун йўл очилди
22:25 / 22.06.2026