Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Солиқ қўмитаси банк сирларига кенг миқёсда кириш имкониятини олмоқчи
Солиқ қўмитаси банкларга мижозлари ҳақидаги кўплаб ахборотларни узатиб туриш мажбуриятини юкловчи қарор лойиҳасини муҳокамага қўйди. Картасига бошқа жисмоний шахслардан ойига 206 млн сўмдан ортиқ маблағ келиб тушган фуқаролар ҳақидаги маълумотлар солиқ органига тақдим этиб борилиши илгари суриляпти. Тадбиркорларнинг ҳисобига нақд ёки терминал орқали ҳар қандай суммадаги тушумлар ва уларнинг йирик операциялари ҳақидаги маълумотлар ҳам солиқ органида жамланиши мумкин.
Ўзбекистон Солиқ қўмитаси “Банклар томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳисобварақлари ёки омонатларига (депозитларига) оид ахборотларни солиқ органига тақдим этиш тартиби тўғрисида”ги Низом лойиҳасини (ҳукумат қарори шаклида) жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Лойиҳада “Банк-солиқ” номли автоматлаштирилган ахборот алмашиш модулини ишлаб чиқиш ва жорий этиш масаласи илгари сурилган.
Банкларга бу модул орқали мижозларнинг муайян молиявий операциялари тўғрисидаги маълумотларни солиқ органига тақдим этиб бориш мажбуриятини юклаш таклиф этилмоқда.
Лойиҳага кўра, жисмоний шахснинг банк картасига бошқа жисмоний шахсларнинг банк карталари ёки электрон ҳамёнларидан (бундан яқин қариндошлар мустасно) календар ой давомида базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараварига тенг (206 млн сўм) ёки ундан ошадиган умумий суммада маблағлар келиб тушганда, банклар тегишли маълумотларни 1 иш куни ичида солиқ органига тақдим этади. Бунда жисмоний шахснинг ўзига тегишли карталар ўртасидаги ўтказмалар ҳисобга олинмайди.
Бундан ташқари, банклар юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳисобварақларига нақд пул маблағлари ва тўлов терминаллари орқали тушумлар тўғрисидаги маълумотларни ҳам тегишли ҳодиса рўй берган кундан эътиборан 1 иш куни ичида солиқ органига тақдим этиши назарда тутиляпти. Бу ерда гап исталган сумма ёки сондаги тушумлар ҳақида кетаётган бўлиши мумкин – лойиҳада бирор чегаравий миқдор кўрсатилмаган.
Қолаверса, юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан амалга ошириладиган йирик миқдордаги операциялар тўғрисидаги маълумотлар ҳам тегишли ҳодиса рўй берган ойнинг 10-, 20- ва охирги куни санасида солиқ органига тақдим этилиши кўзда тутилган. Бунда:
-
юридик шахсларнинг операцион кун давомида БҲМнинг 1000 баравари (412 млн сўм)дан ошган миқдордаги операциялари;
-
ЯТТлар ва ўзини-ўзи банд қилган шахсларнинг операцион кун давомида БҲМнинг 500 баравари (206 млн сўм)дан ошган миқдордаги операциялари;
-
юридик шахслар ва ЯТТларнинг операцион кун давомида БҲМнинг 500 бараваридан ошган миқдордаги олган нақд пуллари бўйича маълумот тақдим этилади.
Юридик шахслар, ЯТТлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг “йирик миқдордаги операциялари”ни белгилашда қуйидагилар истисно қилинади: давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар, валюта конвертацияси билан боғлиқ тўловлар, чет эл валютасидаги ва 232ХХ-сон ҳисобварақлардаги операциялар (нақд пул бериш бундан мустасно), бюджет ташкилотларининг ҳисобварақларидан ойлик иш ҳақи бериш билан боғлиқ операциялар.
Ҳужжат лойиҳасида қуйидаги маълумотларни ҳам солиқ органига мунтазам тақдим этиб бориш таклиф этилган:
-
ҳар қандай юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳисобварағи ёки омонати (депозити) очилганлиги (ёпилганлиги), ҳисобварағи ёки омонати (депозити) реквизитларининг ўзгартирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар (тегишли ҳодиса рўй берган кундан эътиборан 3 кун ичида);
-
қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирилмайдиган махсус банк ҳисобварақлари бўйича қолдиқлар ва айланмалар тўғрисидаги маълумотлар (тегишли ҳодиса рўй берган ойдан кейинги ойнинг 5-санасига қадар);
-
Ўзбекистон Республикаси ҳудуди реализация қилиш жойи деб эътироф этиладиган электрон шаклдаги хизматларни кўрсатувчи чет эл юридик шахсларига жисмоний шахслар томонидан ўтказилган маблағлар тўғрисидаги маълумотлар (шахсга доир маълумотлар кўрсатилмаган ҳолда, тегишли ҳодиса рўй берган ойдан кейинги ойнинг 10-санасига қадар).
Шунингдек, банкларга солиқ органининг сўрови асосида уч кун ичида юридик шахслар ва ЯТТларнинг ҳисобварақларидаги операцияларга ва омонатларга (депозитларга) доир кўчирмаларни тақдим этиш мажбурияти юкланиши мумкин.
Лойиҳада кўрсатилишича, мазкур Низомда кўрсатилган ахборотлар (маълумотлар) солиқ сири ҳисобланади ва ундан Солиқ кодексида белгиланган тартибда солиқ солиш масалалари юзасидан фойдаланилади, уларнинг ошкор қилиниши ёки шахсий мақсадда ёхуд учинчи шахсларнинг манфаатлари йўлида фойдаланиш қатъиян тақиқланади.
“Банклар томонидан ахборотларни (маълумотларни) тақдим этмаслик, шунингдек, белгиланган муддатни бузган ҳолда ёки нотўғри тақдим этишда, шунингдек, солиқ органлари томонидан асоссиз, такрорий ва ноқонуний сўров юборишда ҳамда ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар”, – дейилган ҳужжат лойиҳасида.
Ҳукумат қарори шаклидаги ҳужжат лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси 8 июлгача давом этади.
Мавзуга оид
17:42
Нақди ширин ёхуд нақд пулсиз сиёсатнинг ҳуқуқий томони
17:43 / 23.06.2026
Тошкентнинг 4 та туманида солиқ инспекциялари раҳбарлари ўзгарди
10:30 / 23.06.2026
Маошни конвертда берадиган иш берувчига қандай жазо бор?
09:10 / 21.06.2026