Ҳуқуқий давлатнинг ажралмас асоси сифатида қонун устуворлиги тамойили эътироф этилади.

Ўзбекистон Конституциясининг 15-моддасида барча давлат органлари, мансабдор шахслар ва фуқароларнинг қонунга оғишмай бўйсуниши шартлиги мустаҳкамланган бўлса, 16-моддасида бирорта ҳам меъёрий ҳужжат Бош қомусимиз ҳамда қонунларга зид келиши мумкин эмаслиги қатъий белгилаб қўйилган.

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикасининг қонунлари энг муҳим ва барқарор ижтимоий муносабатларни тартибга солади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан ёки референдум ўтказиш йўли билан қабул қилинади”.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар иерархиясида Фуқаролик кодекси, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги ҳамда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар бевосита Олий Мажлис томонидан қабул қилинган энг барқарор ҳужжатлар саналади. Улар президент фармонлари ва ҳукумат қарорларидан фарқли ўлароқ, юридик кучи жиҳатидан доимо устун мавқени эгаллайди.

Шу нуқтайи назардан ёндашганда, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб жорий этилаётган мажбурий нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тартиби миллий қонунчилигимиз амалиётида яққол кўзга ташланадиган ҳамда илмий-амалий доираларда жиддий баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган ҳуқуқий коллизияни юзага келтирганини кўришимиз мумкин.

“Қонун – карвон, ижро – сарбон” дейилганидек, ижро ҳокимияти вакиллари жорий этаётган ушбу чекловлар амалдаги фундаментал қонун ҳужжатларининг негизини ташкил этувчи принциплар билан тўғридан тўғри зиддиятга киришмоқда.

Фуқаролик кодексининг 790-моддаси ҳисоб-китоблар механизмининг энг асосий пойдевори саналади. Ушбу моддада мустаҳкамланган императив нормага кўра, фуқароларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ўзаро ҳамда улар иштирокидаги ҳисоб-китоблар нақд пуллар ёрдамида ёхуд нақд пулсиз тартибда, суммаси чекланмаган ҳолда амалга оширилиши кафолатланган.