Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Йирик лойиҳаларда маҳаллий қурилиш материаллари улуши оширилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектор йиғилишида йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларида маҳаллий қурилиш материалларидан кенгроқ фойдаланиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун тенг рақобат шароитини яратиш ҳамда соҳа корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қатор вазифалар белгиланди.
Йиғилишда қайд этилишича, йирик ва мегалойиҳаларга сармоя киритаётган инвесторлар импорт қилинадиган қурилиш материалларини қўшилган қиймат солиғидан озод қилишни сўрамоқда. Шу билан бирга, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳам солиқ имтиёзлари уларга нисбатан ҳам қўлланилса, сифат ва стандартлар бўйича рақобат қилишга тайёр эканини билдирмоқда.
Шу муносабат билан мутасаддиларга йирик лойиҳаларга импорт ва маҳаллий маҳсулотларни етказиб беришда тенг шароит яратиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.
Йиғилишда қурилиш материаллари соҳасидаги 457 та корхонанинг муддати ўтган кредит қарздорлиги 3,5 триллион сўмга етгани ҳам таъкидланди. Бунга маҳсулот таннархининг юқорилиги ва айрим маҳсулотлар бозор талабига тўлиқ жавоб бермаётгани сабаб қилиб кўрсатилди.
Президент ҳар бир корхонани алоҳида ўрганиб, уларни молиявий соғломлаштириш бўйича қисқа муддатли дастур ишлаб чиқишни ҳамда бу мақсад учун 50 миллион долларлик молиявий ресурс ажратишни топширди. Мазкур маблағлар ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, таннархни пасайтириш ва бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилади.
Шунингдек, яқинда қабул қилинган икки йиллик дастур доирасида 34 та йирик туризм объекти, 1 мингдан ортиқ жойлаштириш воситаси, жумладан 200 та меҳмонхона қурилиши режалаштирилгани қайд этилди.
Давлат раҳбари ҳудудларда барпо этиладиган меҳмонхоналарда маҳаллий қурилиш материаллари улушини камида 95 фоизга етказиш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун келгуси йил якунига қадар лок-бўёқ, сантехника буюмлари, ПВХ қувур ва фитинглар, гулқоғоз ҳамда декоратив панеллар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш вазифаси белгиланди.
Мавзуга оид
15:44
Қурилиш материаллари тармоғида кредитини тўлолмаётган корхоналар учун 50 млн доллар ажратилади
12:53
Президент: Энергия тежамкор қурилиш материалларига ўтиш вақти келди
12:19
Шавкат Мирзиёев қурилиш материаллари саноатида янги тизим яратишни топширди
11:45