Жаҳон | 10:40
1384
3 дақиқада ўқилади

Авиаёнилғи тақчиллиги: Россия импортни кескин кўпайтирди

Россияда авиаёнилғи ишлаб чиқариш ҳажмининг қисқариши фонида мамлакат Беларусдан авиация керосини импорт қилишни кескин кўпайтирди. Май ойида импорт ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб тўрт бараварга ошган.

Фото: РИА Новости

Россия 2026 йил май ойида Беларусдан 5,17 минг тонна авиация керосини импорт қилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб тўрт баравар кўп. Бу ҳақда Россиянинг РБК нашри Нарх индекслари маркази маълумотларига таяниб хабар берди.

Маълумотларга кўра, июн ойининг дастлабки ўн кунида ҳам Россия Беларусдан яна 2,6 минг тонна авиаёнилғи сотиб олган.

Нашрнинг ёзишича, импорт ҳажмининг ўсиши мамлакат ичида авиаёнилғи ишлаб чиқаришнинг камайиши билан боғлиқ. Россия ҳукумати ушбу маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми бўйича расмий статистикани эълон қилмаётган бўлса-да, Нарх индекслари маркази ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилда мамлакатда 11,4 миллион тонна авиация керосини ишлаб чиқарилган.

Шу ҳажмнинг қарийб 1,4 миллион тоннаси Москва шаҳридаги Капотня нефтни қайта ишлаш заводи ҳиссасига тўғри келган. Бироқ мазкур корхона июн ойи ўртасида учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумидан кейин фаолиятини тўхтатган.

Reuters агентлиги маълумотига кўра, завод камида қиш мавсумига қадар ишини қайта тикламайди. Шу муносабат билан Россия денгиз портлари орқали хориждан JET A-1 русумидаги авиаёнилғини импорт қилиш ва уни маҳаллий ёнилғи турлари билан аралаштириш имкониятини муҳокама қилмоқда.

Шу билан бирга, Россия ҳукумати 1 июндан бошлаб тарихда биринчи марта авиация керосини экспортини вақтинча тақиқлади. Мазкур чеклов 30 ноябргача амал қилиши белгиланган.

Июн ойи ўрталарида Россия аэропортларида самолётларга ёнилғи қуйиш бўйича чекловлар жорий қилиниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришлар ҳам тарқатилди.

Авиаёнилғи билан боғлиқ муаммолар фонида мамлакатда автомобил бензини тақчиллиги ҳам кузатилмоқда. РБК ҳисоб-китобларига кўра, Россиянинг 30 дан ортиқ ҳудудида автомобил ёнилғиси сотилишига турли чекловлар киритилган.

Бензин таъминотидаги узилишлар дастлаб қўшиб олинган Қримда Украина қуролли кучларининг Россия логистикасига берган зарбалари ортидан бошланган. Кейинчалик Украина томонидан Россия нефтни қайта ишлаш заводларига уюштирилаётган ҳаво ҳужумлари сабабли бу муаммо бошқа ҳудудларга ҳам тарқалган.

Reuters агентлиги маълумотларига кўра, июн ойи охирига келиб Россияда бензин ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоизга қисқарган. Шунингдек, 24 июн куни Россия Қозоғистондан 50 минг тонна бензин сотиб олиш бўйича мурожаат қилгани маълум бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид