Ўзбекистон | 10:57
1392
2 дақиқада ўқилади

Энергетика соҳасида текширувларнинг янги механизми жорий этилди

Ёқилғи-энергетика соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларини текширишда «Хавфни таҳлил этиш» электрон тизими жорий этилади. Янги тартибга кўра, тадбиркорларнинг хавф даражаси автоматлаштирилган тарзда баҳоланади, паст хавф тоифасига кирувчи субъектларда эса текширувлар ўтказилмайди.

Адлия вазирлиги ёқилғи-энергетика соҳасидаги ваколатли давлат органининг тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказиш бўйича «Хавфни таҳлил этиш» электрон тизимини жорий этиш тўғрисидаги идоравий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди.

Ҳужжатга мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қонунчилик бузилиши хавфи автоматлаштирилган тарзда баҳоланади. Бунда давлат органларининг ахборот тизимлари, статистик маълумотлар, мурожаатлар, оммавий ахборот воситалари ҳамда бошқа қонуний манбалардан олинган маълумотлардан фойдаланилади.

Шунингдек, хавф таҳлили жараёнида тадбиркорлик субъектларидан қўшимча ҳужжат ёки маълумотлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.

Хавф даражасини баҳолаш электр энергияси, иссиқлик таъминоти, нефт ва нефт маҳсулотлари, табиий ҳамда суюлтирилган газ, шунингдек, энергия аудити соҳалари учун белгиланган алоҳида мезонлар асосида амалга оширилади.

Натижаларга кўра, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқбузарлик хавфи юқори, ўрта ва паст тоифаларга ажратилади. Юқори ва ўрта хавф тоифасига кирувчи субъектларда профилактика тадбирлари ҳамда текширувлар қонунчилик асосида ўтказилади.

Паст хавф тоифасига кирувчи тадбиркорлик субъектларида эса текширувлар ўтказилмайди.

Айни пайтда, электрон тизим томонидан аниқланган хавф даражаси тадбиркорлик субъектига нисбатан тўғридан тўғри таъсир чораларини қўллаш учун асос ҳисобланмайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид