Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Изоҳлардаги нафрат. Хейтерлар психологияси ҳақида
Футбол, сиёсат ёки шоу-бизнес — қайси мавзу бўлмасин, изоҳларда ҳақорат кўпаяди. Бу шунчаки одобсизликми ёки инсон психологияси ҳақида бирор нарсани очиб берадими? Kun.uz ушбу мавзуни мутахассис ва илмий тадқиқотлар асосида ўрганди.
Танқид эмас, шахсга ҳужум
18 июн куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк бор футбол бўйича жаҳон чемпионатидаги иштирокини бошлади. Учрашувлар мағлубият билан тугаган бўлса-да, ижтимоий тармоқларда футболчиларга нисбатан ҳақоратомуз изоҳлар ёғилди.
Қизиғи, кечагина терма жамоа мундиалга чиқа олмаётгани учун танқид қилганлар бугун мундиалга чиққан футболчиларни ҳам кескин танқид қилмоқда. Бу эса муаммо натижада эмас, айрим инсонларнинг воқеликни қандай қабул қилишида эканлигини кўрсатади.
Психологлар буни оддий танқид эмас, балки онлайн агрессия, нафрат тили ва токсик мулоқотнинг бир кўриниши сифатида баҳолайди.
Олимлар: хейтерлар далил эмас, инсоннинг ўзига ҳужум қилади
2018 йилда Калифорния университети олимлари Май Элшериф, Вивек Кулкарни, Дана Нгуен, Уилям Янг Ванг ва Элизабет Белдинг юз минглаб ижтимоий тармоқ изоҳларини таҳлил қилди. “Hate Lingo” деб номланган тадқиқот хулосасига кўра, нафратомуз изоҳ ёзувчилар аксарият ҳолларда асосли фикр билан баҳслашмайди. Улар далил келтириш ўрнига инсоннинг ташқи кўриниши, келиб чиқиши ёки шахсиятини нишонга олади. Бу нафрат тили дейилади. Тадқиқотчиларнинг фикрича, нафрат тилининг асосий қуроли баҳс эмас, қадрсизлантиришдир.
Психолог: агрессия кўпинча ички муаммоларнинг аксидир
Психотерапевт Гули Тўраевага кўра, улар ўз эмоцияларини назорат қила олмайди:
“Ўз фикрини агрессия билан билдирадиганлар ўзининг эмоциясини назорат қила олмаяпти дегани. Психотерапевт сифатида кўриб чиқадиган бўлсак, соғлом фикрлайдиган инсонда, адекват фикрлайдиган, шахсий етук инсонда ақл ўша ҳиссиётларни назорат қила олади ва у соғлом фикр билдира олади. Инсон эмоциясини назорат қила олмаяптими, ҳаддан зиёд агрессия қиляптими, демак, бу одамда невроз ҳолатлари бўлиши мумкин, ёки у одам жуда ҳам қаттиқ чарчаган, эмоционал стресс ҳолатида. Ҳозир мана шу эмоционал ёниш синдромидаги инсонлар жуда ҳам кўп, ёки уларда шахсият бузилишлари бўлиши мумкин. Дейлик, бир инсоннинг ҳаётда омади юришмай турибди. У ўзининг мана шу муаммосини еча олмаяпти. Битта муваффақиятли инсон чиқди. Уни шунчалик ерга уриб ҳақоратлаб ташлайдики, чунки у ўзига муваффақиятли бўлишга рухсат бера олмаган. Яъни ўзини бостириб қўйган, ўзини чиқара олмаган хусусиятларини кимдадир кўрганда, бунда проекциялар ишлаб кетади. Айнан ўша журналистга ёки блогерга қаратилган эмас, бу ўзини аслида ўзини ичида ётган бостирилган ҳиссиётларига қаратилган бўлади. Дейлик, бир инсон қаттиққўл онанинг қўлида тарбия топган, ёки бир устоз унга ўта қаттиққўллик қилган. Энди ўзига ишонган аёл чиқиб гапирганини кўрганда, ўша аёлни ҳақоратловчи изоҳлар ёзади. Бу айнан ўша аёлнинг шахсига қаратилмаган. Ўша болалигидаги қаттиққўл аёлга айта олмаган, ўша бостирилган ҳиссиётлари бу ўша журналист ёки блогерга қаратиб чиқиб кетиши мумкин”.
Изоҳларда энг кўп учрайдиган тоифалар
Ижтимоий тармоқларни кузатганда бир нечта типик аудиторияни ажратиш мумкин:
Доим норози инсонлар – улар учун ижобий янгиликнинг ўзи мавжуд эмас.
Сарлавҳа билан чекланувчилар – материални ўқимасдан изоҳ қолдиради ва фейк хабарларнинг асосий қурбонига айланади.
“Диван экспертлари” – ҳар бир соҳада ўзини мутахассис деб ҳисоблайди, аммо фикрлари кўпинча билимга эмас, шахсий ишончга асосланади.
Агрессорлар – тадқиқотларга кўра, уларнинг ҳақорати воқеанинг ўзига эмас, балки ўз ҳаётидаги стресс, чарчоқ ёки қониқмаслик ҳолатига боғлиқ бўлиши мумкин.
Троллар – уларнинг мақсади ҳақиқатни топиш эмас, балки жанжал чиқариш ва муҳокамани издан чиқаришдир.
Мутахассислар эса энг кам учрайдиган, аммо энг қиммат аудитория ҳисобланади. Улар эмоция эмас, факт ва таҳлил билан баҳслашади.
Интернет “хейтерлар армияси” ҳақидаги тасаввур ҳамиша ҳам тўғри эмас
2021 йилда ўтказилган яна бир йирик халқаро тадқиқот миллионлаб онлайн изоҳларни таҳлил қилди. Олимлар кутилганидек интернет доимий нафрат билан яшайдиган улкан “хейтерлар армияси”дан кўра, маълум вазиятларда токсиклашиб қоладиган оддий инсонлар кўпроқ эканини аниқлади.
Бу эса инсон туғма хейтер эмаслиги, муҳит, эмоционал ҳолат ва муҳокама услуби уни агрессив ҳаракат қилишга ундаши мумкинлигини кўрсатади.
Нафрат юқумли бўлиши мумкин
Мутахассислар яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратади: агрессия агрессияни чақириши мумкин. Битта ҳақорат ортидан иккинчиси, кейин учинчиси пайдо бўлади. Натижада муҳокама майдони фактларга эмас, ҳиссиётларга қурила бошлайди. Бу эса жамият учун хавфли жараён. Чунки тараққиёт ҳақорат орқали эмас, маданиятли баҳс ва далил орқали юзага келади.
Изоҳлар воқеадан кўра инсоннинг ўзи ҳақида кўпроқ гапиради
Психологлар фикрича, ижтимоий тармоқлардаги изоҳлар ҳар доим ҳам воқеага берилган холис баҳо эмас. Кўп ҳолларда уларни ёзган инсоннинг эмоционал ҳолати, ҳаётий тажрибаси ва ички кечинмалари изоҳларда акс этади.
Шунинг учун соғлом жамият учун танқид билан ҳақорат ўртасидаги фарқни англаш муҳим. Чунки майдондаги футболчилар мамлакатни қандай намоён этса, ижтимоий тармоқлардаги мулоқот маданияти ҳам жамият қиёфасини шундай акс эттиради.