Иқтисодиёт | 21:16 / 29.06.2026
746
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки билан узоқ муддатли Мамлакат дастури ишлаб чиқилади

Президент Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни Жаҳон банки таъсисчи давлатларининг “Швейцария гуруҳи” йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган банкнинг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Антонелла Бассани бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Жаҳон банки гуруҳи билан стратегик ҳамкорликни Ўзбекистонда олиб борилаётган таркибий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари бўйича кенг миқёсда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда ушбу нуфузли халқаро молиявий институт билан икки томонлама алоқалар ва конструктив шериклик мисли кўрилмаган даражага кўтарилгани мамнуният билан қайд этилди.

Ўтган йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида Жаҳон банки президенти билан эришилган олий даражадаги келишувлар изчил амалга оширилмоқда.

Қўшма лойиҳалар портфели 15 миллиард доллардан ошди. Тошкент шаҳрида Жаҳон банкининг минтақавий офиси муваффақиятли фаолият юритмоқда. Молиялаштиришнинг янги механизмлари самарали жорий этилмоқда.

Жорий йилда бўлиб ўтадиган Жаҳон банки олий раҳбариятининг ташрифлари ва қўшма тадбирларга пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди.

Ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг энг асосий йўналишларини қамраб олувчи янги узоқ муддатли Мамлакат дастурини ишлаб чиқиш режалари қўллаб-қувватланди.

Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш чора-тадбирларини амалга ошириш, давлат корхоналарини хусусийлаштириш бўйича қўшма дастурларни илгари суриш ҳамда иқтисодиёт тармоқларига сунъий интеллект технологияларини жорий этишда Жаҳон банки гуруҳининг молиявий воситаларидан фойдаланишни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Сув хўжалиги соҳасини молиялаштириш, инсон капиталини ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашга кўмаклашиш масалаларида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳам устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид