Спорт | 17:49
3184
6 дақиқада ўқилади

ЖЧ-2026 анонси. Фаворитлар плей-оффни бошламоқда

Бугун ва тунда мухлисларни плей-оффнинг дастлабки босқичи доирасида яна учта ўйин кутмоқда.

29-30 июн кунлари жаҳон чемпионати 1/16 босқичи доирасида Бразилия-Япония, Германия-Парагвай ва Нидерландия-Марокаш жуфтликлари иштирокидаги ўйинлар бўлиб ўтади.

Бразилия – Япония
29 июн, 22:00. NRG Stadium, Ҳюстон

2025 йил октябрида Бразилия ўртоқлик ўйинида Японияга 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйганди, ҳолбуки пентакампеонлар ўйиннинг биринчи бўлимидан кейин 2:0 ҳисобида олдинда бораётганди. Шундай экан, Ҳадзимэ Мориясу жамоасига паст баҳо бермаслик керак – бу жамоа гуруҳ босқичида Нидерландия ва Швеция билан тенгма-тенг курашди, шунингдек, Тунисни йирик ҳисобда мағлуб этди.

Шу билан бирга, бу сафар японларга ўтган йилги ўша ўйинда қатнашган етакчи футболчилардан бир қанчаси сафда эмас – Митома ҳам, Кубо ҳам, Эндо ва Минамино ҳам майдонга туша олмайди. Лекин Аясэ Уэда ва Даичи Камада юқори спорт формасини намойиш этмоқда. Улар ҳимоя чизиғини анча олдинга чиқарадиган бразилияликлар мудофааси ортида юзага келадиган бўшлиқлардан фойдаланиши мумкин.

Карло Анчелотти шогирдлари гуруҳ босқичи стартидаёқ қийинчиликка дуч келишганди, аммо Марокаш билан ўйиндаги дурангдан кейин жамоа ўзига келди ва кейинги икки ўйинда ҳам ишончли ғалабаларга эришди. Винисиус аллақачон тўртта гол урди, яна учта гол Матеус Куня ҳисобига ёзилди. Қолаверса, турнирнинг муҳим қисмида ўзининг ностандарт қарорлари билан жамоага ёрдам бериши мумкин бўлган Неймар сафга қайтган. Аммо Бразилия яримҳимоясида муаммолар кўзга ташланмоқда, Каземиронинг ёши ўтгани сезилмоқда. Олдиндаги ўйин картинаси қандай кўринишда бўлишини тахмин қилиш осон – «селесао» ўйиннинг кўп вақти давомида тўпга эгалик қилади, японияликлар эса ўз омадини қарши ҳужумлардан излайди. Турнирнинг биринчи турида марокашликлар айнан тезкор қарши ҳужум орқали бразилларни ожиз қолдиришганди. Қолаверса, кейинги турлардаги рақиблар – Шотландия ва Ҳаити етарли даражада қаршилик кўрсатадиган жамоалар бўлмаганини ҳисобга олиш керак.

Агар Япония тўсиғидан ўтилса, пентакампеонларни Норвегия ва Кот-д'Ивуар жуфтлиги ғолиби кутади, чоракфиналдаги эҳтимолий рақиб Англия бўлади, жамоа яримфиналгача етиб борадиган бўлса, катта эҳтимол билан, Аргентинага қарши ўйнайди. Шундай экан, яқин ҳафтада шу саволга жавоб топилиши керак: Бразилия узоқ чўзилган инқироздан чиқа оладими?

Германия – Парагвай
30 июн, 01:30. Gillette Stadium, Фоксборо

Германия ўз гуруҳида ғолиб чиқди ва сўнгги уч мундиалда илк бор плей-оффга йўл олди, аммо Нагелсманн жамоасининг ўйинига саволлар бор. Бундан ташқари, жамоанинг асосий ҳимоячиларидан бири, ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам бирдек ёрдам бера оладиган Шлоттербек жароҳат олиб сафдан чиқди, унинг ўрнини боса оладиган футболчи таркибда йўқ. Аммо ундан ҳам ёмонроғи – ҳужум чизиғи оқсамоқда. Жамоанинг асосий тўпурари – захира футболчиси сифатида турнирга олиб кетилган Дениз Ундав бўлиб тургани ҳам кўп нарсадан дарак беради, Ҳаверц, Вирц ва Мусиала каби футболчилар эса ўз имкониятлари даражасида ўйнай олмаяпти.

Парагвай ўз гуруҳидан учинчи ўрин билан чиққан, аммо жанубий америкаликлар осонликча таслим бўлмоқчи эмас. Парагвайликлар дастлабки турда АҚШдан 1:4 ҳисобида мағлуб бўлганидан кейин ўзига келди ва кейинги икки ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Саралаш босқичида эса жамоа 18 ўйинда жами 10 та гол ўтказган ва бу Жанубий Америкада Эквадордан кейинги иккинчи яхши натижа бўлганди. Бу жамоа керак бўлганда ўйин темпини тушириб, сабр билан ҳисобни ушлай олади. Кубас, Гомес ва Алдеретедан иборат ҳимоя учлиги анча ишончли кўринмоқда ва бу ҳимоя деворини ёриб ўтиш учун рақибдан янгича нарса ўйлаб топиш талаб қилинади.

Немислар бу жуфтликда фаворит, аммо жамоа ўз ўйинини кучайтириши керак бўлади, чунки 1/8 финалда Франция билан ўйин кутаётган бўлиши мумкин. Агар бу икки жамоа тўсиғидан ҳам ўтилса, чоракфиналда, катта эҳтимол билан, Нидерландия кутаётган бўлади. Параллел йўналишда эса Испания ҳаракатланади, агар Германия муваффақиятли юришда давом этадиган бўлса, яримфиналда айнан шу жамоа билан ўйнаши мумкин. Қисқасини айтганда, жамоа тез фурсатда ўз максимумига чиқиши талаб этилади.

Нидерландия – Марокаш
30 июн, 06:00. Estadio BBVA, Гуадалупе

Роналд Куман аллақачон Нидерландияни ушбу жуфтликда фаворит деб билмаслигини айтди. Уни тўғри тушуниш мумкин – унинг шогирдлари гуруҳ босқичида кўп гол уришди, аммо қаторасига етти ўйинда дарвоза дахлсизлигини сақлай олмаяпти, Куманнинг ўзи бир неча бор ўтиш босқичларидаги ихчамлик ва тезликда муаммолар борлигини қайд этган.

Нидерландия ҳужумда урғуни қанотларга қаратмоқда, Думфрис ва Гакпо асосий ижрочилар. Аммо муаммо шундаки, Марокаш қанот ҳимоясида жаҳон миқёсидаги юлдуз футболчилар – Ҳакими ва Мазравий ҳаракат қилади. Умуман, шундай ҳиссиёт борки, бу ўйинда барчаси айнан шу зоналарда ҳал бўлади. Мухлисларни голларга бой ёрқин ўйин кутаётганини тахмин қилиш мумкин, икки жамоа ҳам очиқ ўйин намойиш этади.

Ўйиндаги яна бир интрига марокашликлар форварди Сайбари билан боғлиқ, у гуруҳ босқичидаги ҳар бир ўйинда гол урди. Шу ёзда «Бавария» сафига ўтаётган бу ҳужумчи сериясини давом эттирадими? Унинг тезлиги нидерландларнинг секин ҳаракатланувчи ва баъзида қўпол хатоларга йўл қўядиган ҳимоячилари учун улкан муаммога айланиши мумкин.

Шу билан бирга, ушбу жуфтлик ғолибига 1/8 финалда осонроқ рақиб тушади – ЖАР билан ўйинда қийинчиликка учраган ва фақат сўнгги дақиқаларда урилган гол эвазига кейинги босқичга ўтган Канада. Шундай экан, ғолиб жамоада камида чоракфиналгача бориш учун яхши имконият ҳосил бўлади, у ерда эса ғолибни Германия ёки Франция кутиши эҳтимоли юқори.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид