Жаҳон | 13:17
1999
5 дақиқада ўқилади

Украинанинг 40 кунлик таъсир амалиёти: уруш бурилиш нуқтасидами?

Володимир Зеленский илгари сурган “40 кунлик таъсир амалиёти” – ҳарбий зарбалар бирга, кенг кўламли ахборот ва психологик операцияларни ҳам ўз ичига олган стратегия сифатида баҳоланмоқда. Сиёсий таҳлилчилар Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида мавзу юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

— Украина Россияга қарши “40 кунлик таъсир амалиёти” билан нимага эришмоқчи?

Абдували Сойибназаров: “40 кунлик таъсир амалиёти” деганда нафақат ҳарбий ҳаракатлар, балки кенг кўламли ахборот операциялари ҳам назарда тутилади. Ушбу стратегиянинг асосий мақсади – Россиянинг ички сиёсий барқарорлигини заифлаштириш, аҳоли ва ҳарбийлар орасида ваҳима уйғотиш ҳамда муҳим ҳудудларда, хусусан Қримда ҳарбий-логистик тизимларга зарба беришдан иборат.

Бунда дрон ва ракета ҳужумлари билан бир қаторда, ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситалари ва бошқа медиа каналлар орқали ваҳимали хабарлар, видеолар ва таҳлиллар тарқатиш ҳам муҳим ўрин тутади. Бундай ахборотлар орқали Россия жамоатчилиги орасида норозилик кайфиятини кучайтириш, ҳукуматга нисбатан ишончсизликни шакллантириш кўзда тутилади.

Бу ахборот оқимида Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари заифлашгани, давлат ўзининг аэродромлари, саноат корхоналари ва энергетик объектларини ҳимоя қила олмаётгани ҳақидаги хабарлар кенг ёйилади. Баъзи талқинларда ҳатто Россиянинг яқин келажакда парчаланиши, иқтисодий ва озиқ-овқат таъминотида жиддий муаммолар юзага келиши мумкинлиги ҳақида ҳам даъволар илгари сурилади.

Демак, ушбу амалиётнинг муҳим қисми – ахборот уруши ҳисобланади. Бироқ бу ягона йўналиш эмас. Бир томондан, аниқ нишонларга дрон ва ракета зарбалари берилса, иккинчи томондан, айнан шу зарбалар фонида ахборот майдонида кучли психологик босим яратилади.

Шу билан бирга, бу “40 кунлик таъсир”нинг асосий мақсади – Қримни ҳарбий йўл билан эгаллаш эмас. Украина раҳбарияти яқин келажакда Қримни қайтариб олиш имконияти чекланганини бир неча бор таъкидлаган. Бунинг учун катта миқдорда ҳарбий ресурслар, жумладан, десант операциялари ва кенг кўламли қуруқлик қўшинлари зарур бўлади, ҳозирги шароитда эса бу имкониятлар етарли эмас.

Мазкур стратегиянинг асосий мақсади – Россия президенти Владимир Путинни музокаралар столига жалб қилишдир. Бироқ Россия томони музокараларга тайёр эканини билдирган ҳолда, аввалги талабларини – хусусан Донбасс бўйича ўз шартларини илгари суришда давом этмоқда.

Сўнгги таҳлилларга кўра, Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари тўлиқ издан чиққан, деган фикрлар тасдиқланмайди. Баҳолашларга кўра, Украина дрон ҳужумларининг самарадорлиги тахминан 2 фоиздан 35 фоизгача бўлиб, қолган ҳолатларда Россия уларни уриб туширишга муваффақ бўлмоқда.

Камолиддин Раббимов: Менинг наздимда, сўнгги ойларда ташаббус тобора Украина томонига ўтмоқда. Киев Қримни қайтариб олиш, босиб олинган ҳудудларни озод этиш ва Донбассдаги назорат остида бўлмаган қисмларни бермаслик ҳақида қатъий позиция билдирмоқда.

Бу ҳолат урушдаги руҳий устунлик, яъни жанговар кайфият билан ҳам бевосита боғлиқ. Украина ўз ҳудуди ва уйини ҳимоя қилаётгани сабабли бу омил табиий равишда кучлироқ намоён бўлмоқда. Албатта, бундай руҳий компонент ҳар қандай урушда мавжуд бўлади, бироқ ташаббус масаласида у муҳим рол ўйнайди.

Мутахассислар ва кузатувчилар фикрини умумлаштирган ҳолда айтиш мумкинки, Украина зарбдор 40 кунлик доирасида бир нечта йўналишда босимни кучайтирмоқда. Биринчидан, Қримни изоляция қилишга уринишлар олиб борилмоқда. Иккинчидан, Россиянинг энергетика инфратузилмасига зарбалар бериш орқали иқтисодий ва логистика тизимларига таъсир ўтказиш кўзда тутилган. Учинчидан, Россиянинг ҳарбий ва махсус кучларига нисбатан аниқ зарбалар берилмоқда.

Сўнгги 1,5 йил ичида уруш ҳаракатлари маълум даражада Россия ҳудудига ҳам кўчди. Бу эса Украинага стратегик устунлик ва ахборот жиҳатидан муваффақият олиб келмоқда. Айни пайтда Россия армияси фронтда йирик ва ҳал қилувчи натижаларга эриша олмаяпти.

Украинага асосан уч давлат – Германия, Буюк Британия ва АҚШ ёрдам беряпти. Хусусан, АҚШ президенти Доналд Трамп гарчи сиёсий баёнотларда Россияга кўп ёнбосиши кузатилган бўлса-да, амалда Американинг технологик ва ҳарбий жиҳатдан Украинани қўллаб-қувватлаши давом этяпти.

Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид