Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Геология ва кончилик соҳасида хавф даражаси электрон тарзда аниқланади
Ер қаърини геологик ўрганиш ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш мақсадида “Хавфни таҳлил қилиш” электрон тизими жорий этилади. Янги тартиб тадбиркорлик субъектларининг қонунчиликка риоя этиш хавфини автоматлаштирилган тарзда баҳолаш имконини беради.
Адлия вазирлиги Ер қаърини геологик ўрганишда фойдали қазилмалар ҳамда минерал хомашёни қазиб олиш соҳасида назоратни амалга оширишда “Хавфни таҳлил қилиш” электрон тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низомни давлат рўйхатидан ўтказди.
Низомга мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қонунчилик бузилиши хавфи автоматлаштирилган тарзда баҳоланади. Бунда давлат органларининг ахборот тизимлари, статистик маълумотлар, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда бошқа қонуний манбалардан олинган маълумотлар асос қилиб олинади.
Шу билан бирга, хавф таҳлилини ўтказиш жараёнида тадбиркорлик субъектларидан қўшимча ҳужжат ёки маълумотлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.
Хавф даражасини баҳолаш ер қаърини геологик ўрганиш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, нефт-газ тармоғида геология-қидирув ишларини амалга ошириш, углеводород хомашёсини қазиб чиқариш ҳамда ерости сувларидан оқилона фойдаланиш соҳалари учун алоҳида мезонлар асосида амалга оширилади.
Тизимга кўра, ҳуқуқбузарлик хавфи юқори, ўрта ва паст тоифаларга ажратилади. Юқори ва ўрта хавф тоифасига киритилган субъектларда профилактика тадбирлари ҳамда текширувлар қонунчилик талабларига мувофиқ ташкил этилади. Паст хавф тоифасидаги тадбиркорлик субъектларида эса текширувлар ўтказилмайди.
Шунингдек, электрон тизим орқали аниқланган хавф даражаси тадбиркорлик субъектига нисбатан тўғридан тўғри таъсир чораларини қўллаш учун асос ҳисобланмаслиги белгиланган.
Мавзуга оид
18:28 / 27.12.2025
Геология фанлари университети ва Франциянинг BRGM ташкилоти билан келишувга эришилди
21:28 / 27.10.2025
Колорадо кончилик мактаби билан Компетенциялар маркази ташкил этилади
20:47 / 22.08.2024
Африкада инсоният тарихидаги иккинчи энг катта олмос топилди
23:30 / 06.03.2023