Жамият | 21:35 / 01.07.2026
4711
7 дақиқада ўқилади

 “Ҳатто игна санчиб қийнашган”: Тошкентдаги боғчада нималар содир бўлди?

Тошкентдаги Rayan Kids хусусий боғчасида болалар қийноққа солиб келингани маълум бўлди. Ота-оналарнинг айтишича, боғчада болалар мунтазам калтакланган, ҳақоратланган ва қийноққа солинган. Ота-оналарга видеоҳисобот учун болаларга берилган мевалар тортиб олинган, олти болага бир коса овқат берилган, ваъда қилинган тил курслари эса 2 дақиқадан ҳам ошмаган. Kun.uz воқеа жойида бўлиб, жабрланган оилалар, боғча маъмурияти ва масъул идоралар муносабатини ўрганди.

Пойтахтнинг Учтепа туманида жойлашган Rayan Kids хусусий боғчасида тарбиячиларнинг болаларга нисбатан зўравонлик қилаётгани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Видеоларда айрим тарбиячиларнинг болаларни судраши, уриши, оғзига латта тиқиши ва камера тушмайдиган жойларга олиб кириши акс этган.

Kun.uz воқеа жойида бўлиб, фарзандлари мазкур боғчага қатнаган ота-оналар билан суҳбатлашди.

“Боғчанинг рекламаларига ишониб қолдик” – Rayan Kids’да қийноққа солинган болаларнинг ота-оналари

“Бизга болангизни соат 8:30-9 да ташлаб кетсангиз, ўн-ўн биргача овқатлантирамиз, 13:00 гача ҳовлида юради, олиб кирамиз, беш маҳал овқат, ҳаммаси чиройли, зўр бўлади, деб гуруҳларда рекламаларини кўрсатишган. У реклама экан. Кейин болам уч-тўрт кундан бери ярим кечаси туриб, бурчакларда йиғлайдиган бўлиб қолди. Келиб огоҳлантирдик. Тарбиячисини ишдан бўшатишди. Камерани очиб беришларини сўрадик, очиб беришмади. Кейин ўн-ўн беш кун ўтганидан кейин онаси боламнинг кўкарган жойларини ташлади менга. Беш-ўн кундан кейин яна кўкарган ҳолатлар бўлган. Эътибор беришмаган. 24 июн куни соат 13:00 ларда боланинг оёқлари кўкариб, баданлари шилинган, қўллари эзилган ҳолатда онасига “болани боғчада эрталаб шунақа ташлаб кетдингиз, шунақа бўлди” деб видео ташлашяпти. Мен жаҳл билан келиб, камерани очишларини талаб қилдим, чунки эрталаб болани ўзим кузатганман, бунақа жароҳати йўқ эди. Келиб камерани оч десам, камеранинг кодини билмасликларини айтишди, фақат телефон орқали кўриш мумкин экан. Телефон орқали кўрсам, болани зинадан судраб, уриб, тан жароҳати етказяпти. Ўзи етказган тан жароҳатини бир соат-бир ярим соатдан кейин қилган жиноятини яшириш мақсадида бизга видео қилиб ташлаб, тўнкаб қўйяпти. Кейин мутахассис чақиртирдим. Унга 1,5 млн сўм тўлаб, камерани кодини очтирдим. Ва камерани шу ерда қисман ёзиб олдим. Видеонинг 3-4 минутини кўриб, уёғини кўролмадим. Болаларнинг оғзига латта тиққани, ҳожатхонага олиб кириб қийнагани, калтаклагани, чимчилаб, ўймалаб кўкартириб ташлагани, бола тўполон қилса, камера йўқ жойларга, камералар олмайдиган жойларга олиб кириб кетяпти. Бу қанақа ваҳшийлик? Бола йиғласа, баданига бола нафас олмаслиги учун оғзи билан босиб ҳиққиллатяпти. Нафаси қайтиб ўлиб қолиши мумкин. 24 июнда ариза берсам ҳам шу кунгача чора йўқ. Боғча ҳалиям ишлаяпти, ўша раҳбарият, ўша тарбиячилар ҳалиям ишлаяпти.

Икки яшар болани шунақа азоблаш – бу маняклик-ку! Агар овоза қилинмаганда, ушбу ҳолат ҳам “ёпти-ёпти” бўларди ва бошқаларнинг болалари ҳам мунтазам шунақа қийналиб келарди. Бунақада болалар “травма” бўлиб қолади, болалар эртага қўрқоқ, фикрини билдиролмайдиган, руҳий босимда ўсганидан кейин, руҳи синган, ҳеч нарсага яроқсиз бола бўлиб ўсади”, - дейди болалардан бирининг отаси.

Олтита болага бир коса овқатни айлантириб бир қошиқдан беришган”

Ота-оналарнинг айтишича, бу биринчи ҳолат эмас, май ойида ҳам ушбу боғча тарбиячиларидан бири болага тан жароҳати етказгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган ва БҲМнинг уч баравари миқдорида жарима билан жазоланган. Шу боғчага фарзанди қатнаган яна бир она ҳам зўравонлик аввалдан давом этиб келганини айтади.

“Мана, тўрт ой бўлди бу ишга. Мен ҳам ариза берганман, “портал”гаям чиққанман, СЭСгача ёзганман. Менда ҳам видеолари бор. Боламнинг оёғидан тортганда, пайи эзилиб қолган. 16 кун гипсда юрганмиз, оёғини босмайдиган даражада бўлган. Ҳали чақалоқ эди, энди юришни бошлаган пайти эди. Ишониб берган эдик. Ўшанда ҳам боғча опани ишдан олишди, директорни ишдан олишди, янги одам қўйишган. Бир ойда ўзгараверади буларда. Шунақа муаммо чиқса яна ўзгараверади. Мен ўзим блогерман, реклама қилганман боғчани. Ўзим реклама қилганман, ўзим жавобгарман мен ҳам. Охири Instagram саҳифамда бу боғчага болаларини бермасликларини айтганман одамларга. Баъзилар олди боласини. Мана, яна шунақа ҳолат бўляпти.

Бу битта менинг боламга нисбатан қилинмаган, у ерда кичик гуруҳда 20 та бола бўлган. Шу тили чиқмаган болаларга қилишяпти буни. Оёғидан, қўлидан битта қўллаб кўтариб, расм учун столга ўтказишар экан. Расмга олиб бўлганидан кейин силталаб столдан тушириб, бошқа болани ўтказишади. Араб тили, инглиз, рус тили фанлари бор, лекин 2 минут ҳам шуғулланишмаяпти ўқитувчилари. Олтита болага бир коса овқатни айлантириб бир қошиқдан беришган, битта қошиқда. Салати, нони, ваъда берилган меню умуман йўқ бу ёқда. СЭС ходимларини ҳам юборганман ўшанда ҳам, текширув ўтказишган, жарима ёзиб кетишган, шундан кейин ҳам тузатилмаган бу нарса. Видеоларда боғча опа болаларнинг қўлидаги бананини тортиб олиб ўзи еб кетяпти”, - деди фарзанди мазкур боғчада тарбияланган она.

Kun.uz иккинчи томоннинг ҳам позициясини эшитиш мақсадида боғча маъмуриятига мурожаат қилди. Бироқ муассаса вакиллари раҳбарият хорижда экани, масъул ходим эса айни пайтда ички ишлар органида бўлгани сабабли ҳозирча изоҳ берилмаслигини, мазкур хусусий боғча фаолияти тўхтатилганини маълум қилишди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги лицензия талабларига жавоб бермайдиган ҳар қандай хусусий мактабгача таълим ташкилотига нисбатан лицензияни бекор қилишгача бўлган чоралар кўрилишини билдирди.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ тарбиячига нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Болалар омбудсмани эса Kun.uzʼга берган муносабатида бундай ҳолатларда фақат ходимни ишдан бўшатиш билан чекланмасдан, барча масъул шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши лозимлигини таъкидлади.

Kun.uz ихтиёрига келиб тушган бошқа видеоларда ҳам боғчанинг турли тарбиячилари томонидан болаларга нисбатан эҳтимолий зўравонлик ҳолатлари акс этган. Таҳририят ушбу видеоларга ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳуқуқий баҳо беришидан умид қилади. Воқеа ривожини ва масъул идоралар кўрадиган чораларни кузатишда давом этамиз.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид