Жамият | 08:59
2808
2 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазири коррупцияга қарши мурожаат билан чиқди

Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Одилов соҳа ходимлари ва аҳолига мурожаат қилиб, тиббиёт тизимида коррупцияга қарши муросасиз курашиш, ички назоратни кучайтириш ҳамда рақамли назорат механизмларини жорий этиш устувор вазифа бўлишини таъкидлади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Одилов тиббиёт соҳаси ходимлари ва аҳолига йўллаган мурожаатида коррупция мамлакат тараққиётига жиддий таҳдид эканини қайд этиб, мазкур иллатга қарши қатъий курашиш соҳадаги энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолишини билдирди.

Вазирнинг таъкидлашича, президентнинг 2026 йил 5 майдаги фармони асосида вазирлик тизими қайта ташкил этилмоқда. Марказий аппарат замонавий ёндашувга эга малакали кадрлар билан тўлдирилмоқда, коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс масалалари бўйича вазир ўринбосари лавозими жорий этилган ҳамда ички назорат тизими кенгайтирилган.

Маълум қилинишича, 2026 йилнинг дастлабки беш ойида вазирлик тизимидаги ташкилотларда masofaviyaudit.uz ахборот тизими орқали 979 та ҳолатда жами 514,9 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликлар эрта аниқланиб, бартараф этилган.

Шунингдек, туғуруқ муассасаларида ҳомиладорлар ва уларнинг яқинларидан ноқонуний пул талаб қилинишига чек қўйиш мақсадида «Сирли мижоз» тадбирлари йўлга қўйилгани қайд этилди.

Вазирнинг билдиришича, 2026 йил 1 июлдан бошлаб «Рақамли комплаенс» ахборот дастурий комплекси синов режимида ишга туширилади. Коррупцияга қарши ички назорат фаолияти эса E-Komplaens электрон модули орқали тўлиқ рақамлаштирилади. Шунингдек, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали коррупциявий хавфларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш режалаштирилган.

Элдор Одилов фуқароларни соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупциявий ҳолатлар, манфаатлар тўқнашуви, бюрократик тўсиқлар ёки ноқонуний тўловлар ҳақида вазирликнинг 1203 қисқа рақамли ишонч телефони ёки [email protected] электрон почтаси орқали хабар беришга чақирди.

Унинг таъкидлашича, ҳар бир мурожаат тезкор тартибда кўриб чиқилади, мурожаатчиларнинг шахси ва тақдим этилган маълумотларнинг махфийлиги тўлиқ кафолатланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид