Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЖЧ кундалиги: Кейн Англияни қутқарди, Белгияда даҳшатли камбэк
Фаворитлар учун асабий кун: конголиклар дарвозабони инглизларни қийнади; ҳисоб 0:2 эканида Белгия футболчилари ўзаро уришиб кетди, лекин якунда Сенегал турнирдан чиқариб юборилди. АҚШ озчилик бўлиб ўйнаганига қарамай, ғалаба қозонди. Мексикада фожиа, Германияда айбдорлар изланмоқда, турнирни тарк этган яна бир жамоада бош мураббий истеъфога чиқди, Туркияда эса футолчиларга виллалар совға қилинди.
Жаҳон чемпионатида плей-офф босқичи давом этмоқда. 1 июл куни кечқурун ва 2 июлга ўтар кечаси 1/16 финал доирасида яна учта учрашув бўлиб ўтди. Ва бу ўйинларда фаворитларга осон бўлмади – Белгия Сенегал билан ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ҳисобни тенглаштирди ва овертаймда ғалабани илиб кетди (3:2), Англия эса Конго ДР билан ўйинда анча вақт ҳисобда ортда борди (2:1). АҚШ ҳам Босния ва Ҳерцеговинага қарши ўйинда хотиржам ўйнай олмади – иккинчи бўлимда бир киши кам бўлиб ўйнади ва фақат ўйин охирида урилган гол эвазига ҳисобни ишончли кўринишга келтирди (2:0).
Майдон ташқарисида ҳам воқеалар кўп бўлмоқда: Мексикага ютқазиб, турнирни тарк этган Эквадор бош мураббийи Себастян Беккасесе истеъфога чиқди, Германияда муваффақиятсизлик учун айбдорлар изланмоқда, Туркия футболчиларига муваффақиятсизликка қарамай, виллалар совға қилинмоқда, Мексикада эса ғалабани нишонлаш чоғида тўрт нафар мухлис ҳалок бўлди.
Англияда иродали ғалаба

Англия – Конго ДР 2:1
Голлар: Сипенга, 7 (0:1). Кейн, 75 (1:1). Кейн, 86 (2:1)
Англия: Пикфорд, Конса, Гейи, О`Райли, Спенс (Эзе, 70), Райс (Стоунс, 90+1), Андерсон, Беллингҳэм, Рэшфорд (Сака, 60), Мадуэке (Гордон, 60), Кейн
Конго ДР: Мпаси-Нзау, Туанзебе, Мбемба, Масуаку (Ж. Кайембе, 89), Ван-Биссака, Мутуссами (Майеле, 89), Садики, Мукау (Э. Кайембе, 76), Сипенга (Бонгонда, 76), Мбуку (Элиа, 64), Висса
Огоҳлантиришлар: Беллингҳэм, 19 – Садики, 28
Конголиклар сенсацияга яқин эди. Африка жамоаси еттинчи дақиқадаёқ Брайан Сипенгининг саъй-ҳаракатлари билан ҳисобни очишди ва шундан кейин инглизларнинг ҳужумларини муваффақият билан қайтаришди.
Томас Тухел шогирдлари узоқ вақт «Леопардлар»га қарши чора топа олишмади – ўйиннинг дастлабки 20 дақиқалигида тўпга эгалик қилиш бўйича устунлик Африка вакилларида бўлди, голли вазиятлар эса фақат сув ичиш учун қилинган танаффусдан кейингина юзага келди. Аммо бу вазиятларда Конго ДР дарвозабони Лионел Мпаси-Нзау қаҳрамонлик кўрсатди ва бир неча суперсейвлар амалга оширди. У ожиз қолганида эса ҳимоячи тўпни дарвоза чизиғидан олиб чиқди.
Африкаликлар ҳам вақти-вақти билан ҳужумларга чиқишди ва танаффус арафасида ҳисобдаги устунликни ошириши мумкин эди, аммо Висса қулай вазиятдан фойдалана олмади.
Иккинчи бўлим давомида конголиклар чарчаб қолишди ва рақиб савиядаги фарқни намойиш этди. Инглизлар сардори Ҳарри Кейн дублни расмийлаштириб, ўйин тақдирини ҳал қилди. Захирадан ўйинга қўшилган Энтони Гордон ўз ҳисобига иккита голли узатма ёздириб қўйди.
Англия 1990 йилги жаҳон чемпионатидан буён илк бор иродали ғалабага эришди. Кўп йиллик муваффақиятсизликка барҳам берган «Уч шерлар» кейинги босқичда турнир мезбонларидан бири бўлган Мексикага қарши ўйнайди.
Белгия 0:2 ҳисобини 3:2 га айлантирди
Белгия – Сенегал 3:2
Голлар: Диарра, 24 (0:1). И. Сарр, 51 (0:2). Лукаку, 86 (1:2). Тилеманс, 89 (2:2). Тилеманс, 120+5 – пеналти (3:2)
Белгия: Куртуа, Теат, Меҳеле, Де Кюйпер (Мене, 78), Кастан, Тилеманс, Ванакен (Морейра, 63), Де Брюйне (Раскин, 56), Доку (Лукебакио, 56), Троссар (Онана, 109), Де Кетеларе (Лукаку, 46)
Сенегал: Диав, Сисс, Ниакате, Якобс (Диуф, 93), Диатта, Гана Гуйе (Сапоко Ндиай, 95), Гуйе (Камара, 66), Диарра (П. Сарр, 73), Мане (Жексон, 93), Ндиай (Мбай, 73), И. Сарр
Огоҳлантиришлар: Меҳеле, 64 – Камара, 67
Белгия миллий жамоаси ҳам 1/8 финалга чиқишда катта қийинчиликка учради. Кучли гуруҳдан учинчи ўрин билан плей-оффга чиққан Сенегал Франция ва Норвегияга қарши ҳам муносиб қаршилик кўрсатиб, мухлисларнинг севимли жамоасига айланганди – плей-оффда ҳам Пап Тиав шогирдлари ўзини йўқотиб қўймади: африкаликлар фаворитга катта муаммо туғдиришди ва сенсацияга жуда яқин келди.
Биринчи бўлим сенегалликлар устунлигида якунланди. Ўйин бошида Руди Гарсия шогирдлари жуда тарқоқ кўринди ва фақат Ҳабиб Диарра ҳисобни очганидан кейин ўзига кела бошлади. Аммо белгияликларда чинакамига хавфли вазиятлар юзага келмади.
Иккинчи бўлимда эса африкаликлар яна бир гол уришди – Исмаила Сарр турнирдаги тўртинчи голини нишонлади. Жамоалар иккинчи бўлимдаги танаффусга йўл олаётганида белгияликлар сафида ихтилоф юзага келди: Леандро Троссар тўпни ўзига оширмагани учун Юри Тилемансга кескин оҳангда эътироз билдирди, уларни жамоадошлари ажратиб қолди.

Бу манзара Белгиянинг турнирни тарк этиши рамзига айланиши кутилганди, аммо бундай бўлмади.

«Теранга шерлари» тарихий ғалабадан бир неча дақиқалик масофада туришганди. Аммо 86-дақиқада Ромелу Лукаку қанотдан жарима майдонига узатилган тўпга бир тегиниш билан ҳисобни қисқартирди. Бу гол европаликларни руҳлантириб юборди ва қолган дақиқаларда рақиб жарима майдони қамал қилинди. 89-дақиқада эса ҳисобни тенглаштирувчи гол ҳам урилди: Троссар дарвозабон ҳудудига ҳаволатиб тўп узатди, дарвозабон Мори Диав чиқишда хатога йўл қўйди, Юри Тилеманс эса бош билан тўпни дарвоза тўрига тўғрилаб юборди.
Шундан кейин жамоалар ғолибни овертаймда аниқлайдиган бўлди. Иш пеналтилар сериясига қараб бораётганди, аммо 117-дақиқада сенегалликлар яримҳимоячиси Ламин Камара жарима майдони ичида эҳтиётсизликка йўл қўйди.

У қанотдан ерлатиб узатилган тўпни қайтаришга уриниб, ортдан етиб келган Тилеманснинг оёғига зарба бериб юборди. Аввалига бош ҳакам Мартинес ўйинни давом эттиришга ишора қилганди, аммо VAR вазиятга аралашди ва 11 метрлик жарима зарбаси белгиланди.

Тилеманс эса совуққонлик билан зарба бериб, тўпни «тўққизлик»ка михлади.
Сенегалликлар икки тўп устунлигини сақлашга ҳаракат қилгани учун жазоланишди, ирода кўрсатган Белгия эса нимчорак финалда ўйнайди.
Америкаликлар тарих яратди
АҚШ – Босния ва Ҳерцеговина 2:0
Голлар: Балогун, 45 (1:0). Тиллман, 82 (2:0)
АҚШ: Фриз, Ричардс, Рим, Робинсон, Фримен, Адамс, Тиллман, Маккенни (Рейна, 90+5), Пулишич (Пепи, 88), Дест (Берҳалтер, 87), Балогун
Босния ва Ҳерцеговина: Васил, Мухаремович, Катич (Мемич, 75), Раделич, Колашинац (Табакович, 75), Дедич, Шунич (Тахирович, 51), Алайбегович, Гигович (Махмич, 51), Демирович, Жеко (Байрактаревич, 51)
Огоҳлантириш: Раделич, 80
Четлатиш: Балогун, 64
АҚШ миллий жамоаси учун Босния ва Ҳерцеговинага қарши плей-офф ўйини жиддий ва ҳаяжонли синов эди – чунки америкаликлар азалдан европаликлар билан жуда ёмон ўйнаган. Статистика чиндан ҳам хавотирли эди: сўнгги 18 ўйинда қаторасига тўққиз мағлубият ва биттагина ғалаба. Америкаликлар жаҳон чемпионатларида Европа вакилларини тарихда атиги икки бор мағлуб этишган – 2002 ва... 1950 йилларда. Шундай экан, турнир мезбонларида ўйиндан олдин асабийлашиш учун сабаб етарлича эди.
Кутилганидек, ўйин қийин бошланди – боснияликлар кучли босим уюштирди ва ҳисобни очишга икки бор яқин келишди. Маурисио Почеттино шогирдлари бу ҳужумларни қайтарди ва танаффус арафасида ҳисобда олдинга чиқиб олишди – жамоа тўпурари Фоларин Балогун ўзини кўрсатди. 24 ёшли форвард рақиб жарима майдонида рикошетлардан фойдаланиб, тўпга эга чиқди ва кучли зарба йўллади.
Аммо Балогун бу оқшом антиқаҳрамонга айланиши ҳам мумкин эди – иккинчи бўлим ўрталарида унинг асаблари дош бермади ва қизил карточка олиб майдонни тарк этди. Ушбу ҳужумчи ўзи истамаган ҳолда рақиб тўпиғига зарба бериб юборди ва видеотакрордан кейин майдондан четлатилди.
Шундан кейин АҚШда жиддий муаммолар бошланиши кутилганди, аммо Босния сондаги устунликдан фойдалана олмади. Мезбонлар ҳисобдан келиб чиқиб ўйнашди ва ўйин якунланиши арафасида Малик Тиллман жарима зарбасини аъло даражада ижро этиб, ўйинга сўнгги нуқтани қўйди.
Жесси Марш шогирдлари 1/8 финалга чиқди ва Мустақиллик куни арафасида мамлакатга ажойиб совға тақдим этди. Кейинги босқичда мезбонларни Белгияга қарши ўйин кутмоқда.
Мехикода тўрт мухлис ҳалок бўлди
Мексикада футбол байрами фожиага айланди. Миллий жамоанинг плей-оффнинг илк ўйинида Эквадор устидан ғалаба қозониб, кейинги босқичга чиққанини нишонлаш вақтида тўрт нафар мухлис – икки аёл ва икки эркак вафот этган.
Мехико соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, улардан уч нафари тиқилинчда бўғилиб қолган, яна бирининг юраги хуруж қилган.
Шу куни шаҳар кўчаларига байрам қилиш учун миллиондан ортиқ киши чиққанди. Шаҳар марказидаги Мустақиллик фариштаси монументи атрофида эса тиқилинч юзага келган.
Тиқилинч оқибатида яна ўнлаб кишилар жабрланган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларда бошқалар байрам қилаётгани фонида тиббиёт ходимлари аҳволи оғирлашиб қолган одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун курашаётганини кўриш мумкин.
Эквадор устидан ғалаба бу қадар кенг нишонланганининг сабаби бу Мексика миллий жамоаси 1986 йилдан буён жаҳон чемпионати плей-офф босқичларида илк бор ғалаба қозониши бўлганди. Энди жамоани кейинги босқичда Англияга қарши ўйин кутмоқда.
Эквадор мураббийи барибир истеъфога чиқди
Жаҳон чемпионати иштирокчилари орасида яна бир истеъфо рўй берди. Эквадор миллий жамоаси бош мураббийи Себастян Беккасесе плей-оффнинг илк ўйинида Мексикадан учралган мағлубиятдан кейин миллий жамоа бошқарувини тарк этишини эълон қилди.
45 ёшли аргентиналик билан шартнома ЖЧ-2026 якунига қадар имзоланган бўлган. Жамоа плей-оффга чиққанига қарамай, томонлар келишувни узайтирмаган.
«Футбол шунақа: натижа муҳим. Энди мен гўзал ва ажойиб оилам билан хайрлашишим керак, лекин катта миннатдорчилик, хотиржамлик ва ички уйғунлик билан, бор кучимизни сарфлаганимизни билган ҳолда. Биз ваъда қилинган натижага эриша олмадик, тарихимиздаги энг яхши жаҳон чемпионатини ўтказа олмадик. Аммо ўзимдан кейин жуда аҳил ва оила бўлган жамоа қолдираман. Бўлиб ўтган воқеа... Чиндан ҳам ажойиб», – деган ушбу мутахассис ўйиндан кейинги матбуот анжуманида.
Эквадор миллий жамоаси E гуруҳида Кот-д'Ивуарга ютқазган (0:1), Кюрасао билан дуранг ўйнаган (0:0), учинчи турда Германия устидан иродали ғалабага (2:1) эришиб, 4 очко билан учинчи ўринни эгаллаган ва плей-офф босқичига чиққанди.
Германиянинг муваффақиятсизлиги учун ким айбдор?
Бутун Германия плей-оффда Парагвайдан учралган мағлубиятдан кейин айбдорларни қидирмоқда. Бунда асосий номзод – бош мураббий Юлиан Нагелсман, уни биринчи навбатда жамоада керакли муҳит ярата олмасликда айблашмоқда. Яққол факт: ҳал қилувчи пеналтини ура олмаган Жонатан Та учун бу фаолиятидаги илк 11 метрлик зарба эди – у бошқа футболчилар бундай масъулиятни ўз зиммасига олишни хоҳламагани учун нуқтага яқинлашган. Ижтимоий тармоқларда жамоа сардори Жозуа Киммиҳ Горетцка, Тиау, Браун, Антон каби футболчилардан зарба беришни сўраб, кўндира олмагани акс этган видео тарқалган.
Мамлакат канцлери Фридрих Мерц ҳам танқидга учради. Жамоа мағлубиятидан кейин у ижтимоий тармоқда «ўз жонбозлиги билан мамлакатни илҳомлантиргани» учун жамоага миннатдорчилик билдириб пост ёзган. Лекин мухлислар унинг сўзларини қабул қила олишмади ва энди Мерцнинг ўзи кулги нишонига айланди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари у «бошқа жамоа билан адаштириб юборгани» ва «доимгидек реалликдан йироқдалиги»ни айтиб, ҳазил қилишмоқда. Мерц эса ўз сўзларидан қайтмади ва кейинги постида шундай деди: «Ғалабани биргаликда нишонлаймиз. Мағлубиятда бир-биримизга ёрдам берамиз. Бу бизни янада кучлироқ қилади».
Бу вақтда эса Юлиан Нагелсманн ўрнига Юрген Клопп Германия миллий жамоасини бошқариши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалди. Таниқли инсайдер Фабрицио Романога кўра, «Ливерпул»нинг собиқ устози миллий жамоани қабул қилиб олишга қарши эмас.
Ушбу мутахассис 2024 йилда инглиз клуби бошқарувини тарк этганидан кейин фаолиятида танаффус олганди, кейинроқ Red Bull компаниясининг футбол соҳасига директор сифатида ишга ўтган. Агар Германия футбол иттифоқи (DFB) таклиф билан чиқадиган бўлса, у мураббийликка қайтиши мумкин.
Навбатдаги ўйинлар
2026 йилги жаҳон чемпионатининг плей-офф ўйинлари давом этади — 2 июл куни кечқурун ва 3 июлга ўтар кечаси мухлисларни яна қизиқарли ўйинлар кутмоқда:
00.00. Испания – Австрия
04.00. Португалия – Хорватия
08.00. Швейцария – Жазоир
Мавзуга оид
23:50 / 01.07.2026
Бош вазир футболчилардан миллий жамоани танқид қилган «диван экспертларини» кечиришни сўради
21:25 / 01.07.2026
Жаҳон чемпионатидан қайтган Ўзбекистон миллий жамоаси тантанали кутиб олинди
16:25 / 01.07.2026
ЖЧ анонси. Англия ва Белгия Африка вакилларига қарши
23:09 / 30.06.2026