1 июл куни кечқурун ва 2 июлга ўтар кечаси жаҳон чемпионати 1/16 босқичи доирасида Англия – Конго Д, Белгия – Сенегал ҳамда АҚШ – Босния ва Ҳерцеговина жуфтликлари иштирокидаги ўйинлар бўлиб ўтади.
Англия – Конго ДР
1 июл, 21:00. Mercedes-Benz Stadium, Атланта
Англия ва Конго ДР бунга қадар бирор марта ўзаро ўйнамаган. Бу ҳам ўйинга қўшимча интрига беради. Инглизлар – ушбу жуфтликда фаворит эканига шубҳа йўқ. Аммо конголикларни ҳам яққол аутсайдер деб бўлмайди: гуруҳ босқичида бу жамоа Португалия ҳужумчиларини тўхтатган (1:1). Британлар эса Африканинг бошқа бир жамоаси, Гана дарвозасига йўл тополмаганди (0:0).
Англия ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллади, аммо азалий саволга жавоб топилмай қолди: рақиб чуқур ҳимояланадиган бўлса, қандай йўл тутилади? Гана билан ўйиндан кейин Томас Тухелга саволлар пайдо бўлди, унинг футболи тиғиз ҳимояга қарши ҳеч нарса қила олмаслиги ҳақида танқидлар янгради. Қолаверса, кейинги турда Панама ҳам қуйи блокда ҳимояланганида анча вақтгача дарвозага йўл топилмади ва фақат Беллингҳэмнинг маҳорати эвазига ҳимоя девори бузиб ўтилди.
Конголиклар ҳам рақибнинг камчиликларидан келиб чиқиб, ҳимоявий ўйин услубини танлаши тайин. Қолаверса, африкаликлар гуруҳ босқичида қарши ҳужумларда қандай ўйнашини намойиш этган, таркибда Европа чемпионатларида чиниққан кучли футболчилар етарлича.
Инглизлар бу рақиб тўсиғидан ўта олса, 1/8 финалда турнир мезбонларидан бири бўлган Мексикага рўбару келади. Чоракфиналдаги эҳтимолий рақиб Бразилия ва Норвегия жуфтлиги ғолиби бўлади.
Белгия – Сенегал
2 июл, 01:00. Lumen Field, Сиэтл
1/16 финалдаги энг интригали жуфтлик. Белгия ва Сенегал гуруҳ босқичини жуда қийин бошлади ва фақат охирги турга келиб илк ғалабаларига эришди. Икки жамоа ҳам учинчи турда бештадан гол уриб, йирик ҳисобларда ғалаба қозонди (рақиблар камтарона Янги Зеландия ва Ироқ бўлгани ҳам бунга сабаб). Ва шундай савол туғилади – бу бир лаҳзалик чақнашмиди ёки мотор энди қизиб ишга тушмоқдами?
Руди Гарсия сўнгги ўйинда Лукакуни захирада қолдирган ва Троссарга ишонч билдирган, «Арсенал» ҳужумчиси бу ишончни оқлаб, дубл расмийлаштирганди. Аммо Ромелу ҳам захирадан ўйинга қўшилган ва ўз номини таблога ёздириб қўйганди. Шундай экан, Руди Гарсия қаршисида қизиқ дилемма пайдо бўлади, у бу сафар ҳужум марказига кимни туширади. Аммо бу иккинчи даражали масала, асосий вазифа эса 35 ёшли Де Брюйне зиммасида, у Тилеманс ва Онана билан биргаликда майдон марказида назоратни таъминлаши талаб этилади.










