Жаҳон | 22:31 / 02.07.2026
2494
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда суд Қамчибек Ташиевга енгил жазо тайинлади

Бир гуруҳ айбланувчилар, жумладан, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) собиқ раиси Қамчибек Ташиев «Ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаш» моддаси бўйича айбдор деб топилди. Уларга 3 йиллик пробация назорати тайинланди, бунда жазо колонияда ўталмайди.

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрининг Первомайский туман суди 2 июль куни «75 нафар шахс хати» деб номланган жиноят иши бўйича ҳукм чиқарди.

Суд муҳокамаси ёпиқ тарзда ўтганига қарамай, ҳукм омма олдида эълон қилинди. Қарорни раислик қилувчи судья Азирет Медеров ўқиб эшиттирди.

Барча айбланувчилар «Ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаш» моддаси бўйича айбдор деб топилиб, мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 4 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бироқ, ушбу жазо 3уч йиллик пробация назорати билан алмаштирилди. Шу боис маҳкумлар жазони колонияда ўтамайди.

Иш бўйича судланганлар:

  • Қамчибек Ташиев, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) собиқ раиси;

  • Нурланбек Турғунбек ўғли, Жўғўрқу Кенешнинг собиқ спикери;

  • Қурманқул Зулушев, Жўғўрқу Кенешнинг собиқ депутати;

  • Бекбўлот Талғарбеков, жамоат арбоби;

  • Эмилбек Узоқбоев, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси;

  • Қурманбек Дийқанбоев, Жўғўрқу Кенешнинг собиқ депутати;

  • Аали Карашев, собиқ бош вазир ўринбосари ва собиқ депутат;

  • Қурсан Асанов, Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари.

Шу билан бирга, суд фигурантларни «Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш» моддаси бўйича оқлади. Февраль ойидан буён ҳибсда сақланаётган беш нафар фигурант — Талғарбеков, Узоқбоев, Дийқанбоев, Карашев ва Асанов суд залида озод қилинди.

Пробация — бу маҳкумларнинг жазони колонияда ўтамаслигини, бироқ суд томонидан белгиланган муддат давомида пробация органлари назорати остида бўлишини англатади.

Қамчибек Ташиевнинг адвокати Икромиддин Айтқулов ҳукмдан норозилигини ва уни юқори инстанцияга шикоят қилиш ниятида эканини билдирди.

Аввалроқ давлат прокурори фигурантларни айбдор деб топиб, уларнинг ҳар бирига 9 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни сўраган эди.

Ушбу жиноят иши бир гуруҳ сиёсатчилар ва жамоат арбобларининг мурожаати билан боғлиқ. Унда муддатидан олдин президентлик сайловини ўтказиш ва давлат раҳбари ваколатларини муддатидан илгари тугатиш зарурлиги ҳақида сўз борган.

Тергов версиясига кўра, «75 нафар шахс хати» шунчаки сиёсий баёнот эмас, балки мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштириш ва ҳокимиятни алмаштириш кампаниясининг бир қисми бўлган.

Иш фигурантлари судда айбига иқрор бўлмади.

Sardorbek Yusupov
Тайёрлаган Sardorbek Yusupov
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид