Жаҳон | 16:47
7917
6 дақиқада ўқилади

Россия Киевга вайронкор зарбалар йўллади – суратлар

Украина пойтахтининг барча районларида шикастланишлар қайд этилган: 20 та турар жой биноси вайрон бўлган, камида 18 киши ҳалок бўлиб, 100 га яқин киши жароҳатланган.

Россия ҳарбийлари 2 июлга ўтар кечаси Киев шаҳри бўйлаб баллистик ва қанотли ракеталар, шунингдек, дронлар орқали навбатдаги марта ёпирилма зарба йўллади.

Бу уруш бошидан буён Киевда кузатилган энг йирик ҳужумлардан бири бўлди. Украина пойтахтининг барча районларида вайронгарчиликлар қайд этилган.

Украина бош вазири Юлия Свириденкога кўра, ҳужум оқибатида жами 100 га яқин турар жой бинолари шикастланган, шундан 20 дан ортиқ уйга тўғридан тўғри ракета ёки дрон келиб урилган.

Деснянский районида тўққиз қаватли уй вайрон бўлган, ичкарида одамлар қамалиб қолган. Дарницкий районида битта беш қаватли ва битта тўққиз қаватли уй зарба остида қолган.

Шевченково районида тер ёздам станцияларидан бирининг биноси ҳужумга учраган. Киев шаҳри мэри Виталий Кличконинг хабар қилишича, бу ерда олти нафар тиббиёт ходими яраланган, улардан бири оғир аҳволда.

Киевда Россия зарбаси келиб тушган уйда ишлаётган қутқарувчилар
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA

Украина ички ишлар вазири Игор Клименко Россия ҳужуми оқибатида шаҳарда 20 дан ортиқ уй шикастланганини хабар қилганди. Кейинроқ Украина бош вазири Юлия Свириденко аниқлик киритиб, 20 та уйга тўғридан тўғри ракета ёки дрон келиб урилгани, Киев ўққа тутилиши оқибатида жами 100 га яқин уй у ёки бу даражада шикастлангани ҳақида маълумот берди. Виталий Кличконинг сўзларига кўра, энг жиддий вайронгарчилик Дарницкий районида қайд этилган, бу ерда бинонинг «бир қисми том маънода қулаб тушган».

Киевда зарбага учраган уйлардан бирининг харобаларини тозалаётган қутқарувчилар
Efrem Lukatsky / AP / Scanpix / LETA
Россия дрони урилган бинода келиб чиққан ёнғин
Roman Pilipey / AFP / Scanpix / LETA

NASA (Fire Information for Resource Management System) кузатув хизмати маълумотларига кўра, тунги ҳужумдан кейин Оболон районидаги Богатирской кўчасида жойлашган WOG автомобилларга ёқилғи қуйиш тармоғига тегишли бўлган нефт базаси ҳудудида катта ёнғин чиққан.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида камида 18 киши ҳалок бўлиб, 100 га яқин киши жароҳат олган. 3 июл Киевда мотам куни деб эълон қилинди.

Қутқарувчилар харобаларни тозалаш ишларини давом эттирмоқда, расмийлар қурбонлар ва яраланганлар сони янада ортиши мумкинлигини истисно этмаяпти. 

Бир кун олдин Володимир Зеленский ўзининг кечки видеомурожаатида Украина разведкаси Россия навбатдаги ёпирилма ҳужумга тайёргарлик кўраётгани ҳақида маълумот олганини айтганди.

Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари маълум қилишича, Россия тунги ҳужумда 74 та ракета ва 496 та дрон учирган. Ракеталардан 48 таси ва 476 та дрон уриб туширилган. Ҳужумнинг асосий йўналиши Киев шаҳри бўлган. Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари бир вақтнинг ўзида турли йўналишлардан турли хил ҳаво ҳужуми воситаларидан фойдаланишни, шунингдек, кўп сонли баллистик ракеталар ва реактив дронлардан фойдаланилганини ушбу ҳужумнинг ўзига хос хусусияти сифатида келтирган. Виталий Кличко Киевга қилинган бу ҳужумни энг йирик ҳужум деб атаган.

«Агентство» қайд этишича, бу украин дронлари 16 ва 18 июн кунлари Москвага амалга оширган йирик ҳужумлардан буён Россия томонидан Киев бўйлаб илк ёпирилма зарба бўлди. Киев бўйлаб охирги кенг кўламли ҳужум 15 июнга ўтар кечаси кузатилган, ўшанда Россия дронлари Киев-Печерск лаврасига келиб урилганди.

Россия мудофаа вазирлиги 2 июл куни тонгида Россия қуролли кучлари Украинанинг «террорчилик ҳужумлари»га жавобан Киев бўйлаб зарба берганини маълум қилган. Ҳарбий идора баёнотида таъкидланишича, Киев шаҳри ва Киев обастидаги ҳарбий саноат корхоналари ҳамда ёнилғи-энергетика мажмуаси объектлари, шунингдек, Днипропетровск, Полтава, Черкасс, Черниҳив ва Киев областларидаги ҳарбий аэродромлар инфратузилмаси аниқ нишонга олинган.

Кейинроқ вазирлик аниқлик киритиб, Киевда Украинанинг «Фламинго»қанотли ракеталарини бошқариш тизимларини ишлаб чиқарувчи «Радионикс» радиоэлектроника саноат корхонасига зарба берилганини маълум қилди. Вазирлик «Атлон Авиа» радиоэлектроника йиғиш корхонаси, «Антонов» авиация саноати корхонаси, Киев радиозаводи, «Киев-25» саноат корхонаси, транспорт-логистика маркази ҳамда ёнилғи-мойлаш материаллари омборини ҳам нишонлар қаторида санаган.

Қуйида Киевга ҳужум оқибатлари акс этган суратлар.

Киевдаги кўп қаватли уйда чиққан ёнғин
Danylo Antoniuk / AP / Scanpix / LETA
Россия ҳужуми вақтида шикастланган автомобиллар
Kostiantyn Liberov / Libkos / Getty Images
Полициячилар Киевда ҳужумга учраган уйлардан бирида яшовчи ярадор кишини эвакуация қилмоқда
Kostiantyn Liberov / Libkos / Getty Images
Киевликлар Россия ҳужуми вақтида метрода яширинди
Roman Pilipey / AFP / Scanpix / LETA
Киевда Россия зарбаси оқибатида шикастланган уйлардан бири
Alina Smutko / Reuters / Scanpix / LETA
Вайрон бўлган уйлардан бирида ишлаётган қутқарувчилар
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA
Киевдаги уйлардан бирининг харобалари остидан қутқарилган аёл
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA
Россия ҳужумидан кейин Киев узра кўтарилган тутун устуни
Efrem Lukatsky / AP / Scanpix / LETA
Россия зарбасидан кейин уйлар ҳовлисида ҳосил бўлган ўра
Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA
Киевдаги вайрон бўлган уй атрофида ёш фарзандини қучаётган она
Roman Pilipey / AFP / Scanpix / LETA
Киевда Россия ҳужумидан кейин қутқарув амалиёти
Kostiantyn Liberov / Libkos / Getty Images
Киевда ҳужум оқибатида шикастланган уйлардан бирида яшовчилар 
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA
Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид