Жаҳон | 20:57 / 02.07.2026
3675
4 дақиқада ўқилади

Залужний Зеленскийга сайловда қатнашмоқчилигини айтди

Зеленский Залужнийни Лондондан чақирган ва президентликка номзодини илгари суриши эҳтимоли ҳақида сўраган. Украина қуролли кучлари собиқ бош қўмондони тасдиқ маъносида жавоб қайтарган. Киевдагилар сайловни қандай ва қачон ўтказишни муҳокама қилмоқда. Зеленскийнинг яна бир рақобатчиси Буданов бўлиши мумкин.

Wiktor Szymanowicz / Future Publishing / Getty Images

Володимир Зеленский Киевнинг Банкова кўчасидаги қароргоҳида Украина қуролли кучлари собиқ бош қўмондони, ҳозирда мамлакатнинг Буюк Британиядаги элчиси лавозимида хизмат қилаётган Валерий Залужний билан учрашув ўтказган.

Залужний Лондондан Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ўз истеъфосини эълон қилиши арафасида Киевга чақирилган. «Украинская правда» нашри ушбу учрашувнинг ҳар икки иштирокчисига яқин бўлган манбаларга таяниб хабар беришича, Британия масаласи муҳокамасидан кейин Зеленский Украинадаги сайловлар мавзусига ўтган.

Нашр манбаларининг сўзларига кўра, Зеленский мулоқотни сўнгги вақтларда фронтдаги вазият ижобий томонга ўзгараётгани, жамоатчилик етарлича жипслашгани, президентлик сайловларини ўтказиш учун «имкониятлар ойнаси» пайдо бўлгани ҳақидаги гап билан бошлаган. Украина раҳбари сайлов жараёнида мамлакатда бўлиниш юзага келмаслигини таъминлаш муҳимлиги, шунинг учун ўзи ва Залужний ўртасидаги эҳтимолий қарама-қаршилик билан боғлиқ хавфлардан қочиш кераклигини қайд этган.

Якунда президент собиқ бош қўмондонга тўғридан тўғри шундай деган: «Агар кузда сайлов ўтказиладиган бўлса, сиз номзодингизни қўясизми?» «Украинская правда» суҳбатдошларига кўра, бу саволга аниқ қилиб жавоб қайтарилган: «Ҳа. Қўяман».

Нашр манбалари айтишича, Зеленский Залужний билан амалда исталган лавозимни муҳокама қилишга тайёр бўлган, аммо унинг жавобидан кейин ҳеч қандай лавозим таклиф қилмаган. Собиқ бош қўмондоннинг ўзи сиёсий карьера қилишга интилмагани, аммо кўпчилик унга умид боғлагани ва «нима учун унга билдирилган ишончни рад этиши кераклиги»ни тушунтира олмаслигини айтган. Шу билан учрашув якунланган.

Кўп ўтмай Залужнийнинг олдига президентнинг яна икки вакили – Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров ҳамда президент партиясининг Олий рададаги фракцияси раҳбари Давид Арахамия ҳам келган. Улар Зеленскийнинг жамоатчиликда бўлиниш юзага келиши мумкинлиги ҳақидаги аргументларини такрорлашган, аммо Залужнийнинг сайловга номзодини қўйиш бўйича позицияси ўзгаришсиз қолган. «Украинская правда» ёзишича, Умеров ва Арахамия хайрлашиш чоғида Залужнийдан «яна бир бор яхшилаб ўйлаб кўриш»ни сўраган.

Журналистлар қайд этишича, Залужнийнинг рейтинги юқорилигича қолмоқда, аммо энди 2024 йил феврал ойида Украина қуролли кучлари бош қўмондони лавозимидан кетганидан кейин кузатилган динамикани кўрсатмаяпти. Шу билан бирга, сайловларда Зеленскийга рақобат кўрсатиши мумкин бўлган яна бир эҳтимолий номзод, президент офиси раҳбари Кирилл Будановнинг ҳам рейтинги ўсмоқда.

«Украинская правда» ёзишича, Зеленский шу кунларда яна бир учрашув ўтказган, унда Буданов, Умеров, Арахамия, шунингдек, президент офиси раҳбари ўринбосари Олег Татаров ҳамда Украина мудофаа вазири Михаил Федоров иштирок этган. Зеленский улар билан президентлик сайловлари ўтказиш масаласини, уни қачон ва қандай номзодлар иштирокида ўтказишни муҳокама қилган.

Қайд этилишича, бу муҳокамада президент июн ойида ўтказилган ёпиқ социологик тадқиқотлар натижаларига таянган, улар кўп ойлик пасайишдан кейин биринчи марта уни қўллаб-қувватлаш кўрсаткичлари кичик бўлса-да, барқарор ўсганини кўрсатган. Сўровлар шуни кўрсатадики, сайловларнинг биринчи босқичида ўз танловини аллақачон аниқлаб олганларнинг тахминан 33 фоизи Зеленскийга, 22 фоизга яқини Залужнийга, қарийб 14 фоизи эса Будановга овоз беришга тайёр. Бироқ, иккинчи турда Зеленский Залужнийга ютқазган бўларди (тахминан 32 фоизга қарши 37 фоиз), Буданов билан рақобатда эса кичик устунлик билан бўлса ҳам ғалаба қозониши мумкин.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид