Жамият | 11:15
810
2 дақиқада ўқилади

Зўравонлик қурбонларига қўшимча ҳуқуқий кафолатлар берилди

Ўзбекистонда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизими янада кучайтирилди. Янги қонун билан жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини судда ҳимоя қилиш, уларга ижтимоий кўмак кўрсатиш ҳамда болаларнинг энг устун манфаатларини таъминлашга қаратилган қатор ўзгартишлар киритилди.

Фото: Getty Images

2026 йил 1 июлда қабул қилинган ЎРҚ–1156-сонли қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Қонунга мувофиқ, миллий қонунчиликка «боланинг энг устун манфаатлари» тушунчаси ҳамда уни таъминлаш кафолатлари киритилди. Ушбу тушунча боланинг оила муҳитида тарбияланиши, хавфсизлиги, соғлиғи, таълим олиши, ҳар томонлама камол топиши, шахсий дахлсизлиги, шаъни ва қадр-қиммати, шунингдек, унинг фикрини инобатга олган ҳолда белгиланадиган бошқа манфаатларни қамраб олади.

Шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги ташкилотлар, жумладан, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганлар манфаатларини кўзлаб давлат божи тўламасдан судларга даъво аризалари киритиш ҳамда суд мажлисларида уларнинг вакили сифатида иштирок этиш ваколати берилди.

Қонун билан яна бир муҳим янгилик жорий этилди. Энди тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахс махсус марказга жойлаштирилган тақдирда, бу ҳолат унга бир ойгача бўлган муддатга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини расмийлаштириш учун асос ҳисобланади.

Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид