Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЖЧ кундалиги. Роналдуда тарихий гол, Модричда аламли якун
Криштиану 20 йил ичида илк бор жаҳон чемпионати плей-офф босқичларида гол урди, аммо Португалия шу куни турнирни тарк этиши ҳам мумкин эди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда аввалига португаллар ғалаба голини уришди, бунга хорватлар тезда жавоб қайтаришди, фақат баҳсли офсайд ҳолати ўйин овертаймда давом этишига тўсқинлик қилди.
Жаҳон чемпионатида 1/16 финал баҳслари якунланиб бормоқда. Бу оқшомда ҳам ёрқин ўйинлар бўлиб ўтди: Португалия драматик кечган баҳсда Хорватияни сўнгги дақиқаларда мағлуб этди (2:1), Швейцария Жазоирдан кучлироқ чиқди (2:0), Испания эса Австрияга ҳеч қандай имкон қолдирмади (3:0).
Майдонлар ташқарисида ҳам қизиқарли воқеалар бўлиб ўтмоқда. Франция миллий жамоаси яримҳимоячиси Райан Шерки руҳий қийинчиликка учрамоқда, Германия футбол федерацияси Юлиан Нагелсманндан истеъфога чиқишни сўради, Лионел Месси ва Аргентина миллий жамоаси футболчилари эса Майамидаги аэропорт учиш-қўниш йўлагида тинтув қилинди.
Роналду ЖЧ плей-оффидаги илк голини урди
Португалия – Хорватия 2:1
Голлар: Перишич, 53 (0:1). Криштиану Роналду, 68 – пеналти (1:1). Рамуш, 90+4 (2:1)
Португалия: Кошта, Рубен Диаш, Вейга, Нуну Мендеш, Жоау Канселу (Семеду, 63), Жоау Невеш, Витиня (Бернарду Силва, 62), Бруну Фернандеш (Рамуш, 63), Леау, Педру Нету (Консейсау, 63), Криштиану Роналду (Рубен Невеш, 81)
Хорватия: Ливакович, Понграчич, Шутало, Перишич, Станишич, Ковачич (Крамарич, 90+6), Модрич, Сучич, Батурина (Пашалич, 68), Влашич (Гвардиол, 90+2), Будимир (Матанович, 46)
Огоҳлантиришлар: Рубен Диаш, 17 – Модрич, 59. Перишич, 90
Бу 40 ёшли Лука Модрич учун сўнгги жаҳон чемпионати экани олдиндан маълум эди. Ўйин арафасида Криштиану Роналду ҳам ушбу турнирдан кейин Португалия миллий жамоасидаги фаолиятини якунлаши ҳақида хабар тарқалди ва ушбу ўйинга бўлган қизиқишни янада оширди – бу ким учун «сўнгги рақс» бўлиб қолади?
Португаллар илк дақиқалардан кучли босим уюштиришди ва тезкор гол билан ҳисоб очилиши мумкин эди, аммо Бруну Фернандеш бир ҳужум давомида икки бор зарба берди – унинг биринчи уринишини дарвозабон бартараф этди, иккинчи зарбадан кейин тўп йўлини ҳимоячи тўсиб чиқди. Кўп ўтмай Криштиану жарима зарбаси тепиш ҳуқуқига эга бўлди, аммо тўп жонли девордан ўтмади. Кейинроқ у
Нетунинг дарвозабон ҳудудига ошириб берган тўпни дарвозага тўғрилаб юборишга улгурмади.
Криш ва жамоаси биринчи бўлимда 9 бор зарба йўллашди, аммо ҳисоб очилмай қолди. Иккинчи бўлимда эса хорватлар ўйинни кучайтиришди ва хавфли вазиятлар ярата бошлашди. Шундай ҳужумлардан бирида Иван Перишич жарима майдонида ёлғиз қолдирилди ва у буни кечирмади. У тўпни қабул қилиш ва ўзига бўйсундириш учун етарлича вақт бўлди ва учинчи тегинишда тўп дарвозабоннинг оёқларидан ўтказилди.
Шундан кейин ўйин қизиб кетди: хорватларнинг яна бир голи Влашичдаги офсайд ҳолати туфайли инобатга олинмади. Бунга жавобан уюштирилган ҳужумда Леау кучли зарбаси билан дарвоза тўсинини титратди. Кейин эса Криштиану Нетунинг ҳимоячилар ортига ҳаволатиб етказган тўпга етиб борди ва бир ҳаракат билан дарвозабонни доғда қолдирди. Португалиялик ҳужумчи голни ўз услубида нишонлашга улгурмади ва ҳакам яна офсайд ҳолатини қайд этди.
Аммо шу куни мухлислар барибир унинг гол нишонлашига гувоҳ бўлишди. Португалия бош мураббийи Роберто Мартинес Витиня, Нету, Канселу ва Бруну каби футболчиларни захирага олди, аммо Роналдуни қолдирди. У эса ҳимоячи Ренату Вейга томонидан ишланган пеналтини тўпни марказга куч билан тепиш орқали аниқ ижро этди. Бу унинг жаҳон чемпионатлари плей-офф босқичларида урган илк голи бўлди. Бу гол учун 20 йил ва 9 ўйин керак бўлди.
Ўйиннинг қолган қисмида ўйин шиддати янада ошди ва Мартинес Роналдуни ҳам майдондан олишга қарор қилди.

Футболчига алмаштирилиши ёқмаган бўлса-да, у мураббий қарорини қабул қилди ва майдондан чиқишда унга қўл берди.

Мураббийнинг қарорини тўғри тушуниш мумкин эди: Роналду ҳисобни тенглаштирганидан алмаштирилгунига қадар ўтган 13 дақиқаликда хорватлар уч марта қулай вазиятга эга бўлишди, аммо дарвозабон Диогу Кошта Ковачич ва Матановичга гол уришга имкон бермади, Сучич барибир дарвозани ишғол этганида эса, офсайд ҳолати қайд этилди.
Ўйинга қўшиб берилган 9 дақиқанинг тўртинчиси ўтиб бораётганида эса Гонсалу Рамуш қоида бўйича гол урди: у Леаунинг узатмасига барчадан баланд сакради ва бош билан тўпни дарвоза тўрига жойлади.
Аммо бу ҳали ҳаммаси эмасди. Хорватия охиригача курашди ва 90+13-дақиқада дарвозани ишғол этди. Иван Перишич чап қанотдан тўпни жарима майдонига оширди, хорватлар ҳужумчиси Игор Матанович тўпга етиш учун баланд сакради, аммо зарба бера олмади.

Тўп йўл-йўлакай португаллар ҳимоячиси Ренату Вейганинг бошига тегиб Марио Пашаличга борди, унинг тегинишидан кейин эса тўп дарвозабон ҳудудига қайтди ва у ерга етиб келган Гвардиол Диашдан илдамроқ ҳаракат қилиб, дарвозани ишғол этди.
Хорватлар голни нишонлашни бошлади, аммо бу қувонч узоққа чўзилмади. Майдондаги экранда гол текширилаётгани ҳақида ёзув чиқди. Стоп-кадрда Матанович тўпга сакраган вақтда Пашалич офсайдда экани кўрсатилди.




Тўп Матановичга тегиб ўтгани эса тўпга ўрнатилган датчик орқали қайд этилди.

Шундан кейин тўп Вейгага ҳам тегиб ўтгани ўз аҳамиятини йўқотди.
Кўп ўтмай ҳакамнинг ўйин якунлангани ҳақидаги ҳуштаги чалинди. Португалия кейинги босқичга чиқди ва Испания билан ўйнайдиган бўлди, Модричнинг миллий жамоадаги сўнгги ўйини эса аламли якунланди, унга таскин бериш учун португалиялик футболчилар ҳам етиб келишди.

Испанлар ўйиндан ўйинга кучаймоқда
Испания – Австрия 3:0
Голлар: Ойярсабал, 36 (1:0). Порро, 66 (2:0). Ойярсабал, 89 (3:0)
Испания: Симон, Ляпорт (Пубил, 90+3), Кубарси, Кукуреля, Порро, Родри, Педри (Руис, 90+3), Олмо (Мерино, 71), Баэна (Торрес, 71), Ямал (Гави, 85), Ойярсабал
Австрия: А. Шлагер, Дансо, Алаба, Лаймер, Пош (Прасс, 85), К. Шлагер (Чуквуэмека, 46), Зайвалд (Гриллич, 46), Ваннер, Забитцер, Шмид (Арнаутович, 60), Грегорич (Калайжич, 60)
Огоҳлантириш: Пош, 83
Австрияликлар гуруҳ босқичининг сўнгги турида Жазоир билан ўйинда (3:3) қаҳрамонлик кўрсатиб, 1/16 финалга чиқишганди. Ралф Рангник шогирдларидан навбатдаги ўйинда шу руҳда давом этиб, испанларга кураш таклиф этиши кутилганди.
Аммо ўйинда жамоалар савиясидаги фарқ яққол сезилиб қолди. «Қизил фурия» илк дақиқалардан тўпни назорат қилди ва рақибга деярли имкон бермади. Узоқ давом этган босим ниҳоят бўлим охирларига бориб, Микел Ойярсабал ҳисобни очишига олиб келди.
Рангник танаффусдаёқ икки ўзгаришга қўл уриб, майдон марказидаги футболчиларни алмаштирди, аммо бу ўйинда ҳеч нарсани ўзгартирмади. Иккинчи бўлимда Педро Порро ва яна Ойярсабал биттадан гол уриб, ҳисобни йирик кўринишга келтиришди.
Швейцария юришини давом эттирди
Швейцария – Жазоир 2:0
Голлар: Эмболо, 10 (1:0). Ндой, 46 (2:0)
Швейцария: Кобел, Элведи, Аканжи, Родригес, Закариё (Видмер, 87), Фройлер, Жака, Манзамби (Окафор, 71), Варгас (Ридер, 71), Ндой (Эбишер, 87), Эмболо (Амдуни, 83)
Жазоир: Зидан, Манди, Бенсебайни, Айт Нури, Белгали (Булбина, 82), Бинтолиб (Будавий, 71), Шайбий, Зерруқий (Ҳажам, 58), Ауар (Гуири, 58), Маҳрез (Ҳожи-Мусса, 71), Маза
Огоҳлантиришлар: Шайбий, 36. Будавий, 72
Жазоир бу ўйинда кутилмаганда тўпга эгалик қилди. Аммо бу швейцарларнинг ўзига хос ҳийласи бўлиб чиқди ва Мурат Якин шогирдлари икки бор қарши ҳужумдан унумли фойдаланишди. Европа вакилларининг илк ҳужумиёқ гол билан якунланди: 10-дақиқада Брил Эмболо дарвозабон ҳудудига етиб борди ва қанотдан оширилган тўпга оёқ қўйиб, ҳисобни очди. Шундан кейин ҳам африкаликлар биринчи рақам остида ҳаракатланишда давом этишди, аммо чинакамига хавфли вазиятлар ярата олишмади.
Иккинчи бўлим бошида швейцарлар амалда ўйин тақдирини ҳал қилишди – Дан Ндой жарима майдонида ўзига келиб қолган тўпни ерлатиб, олис бурчакка аниқ йўналтирди.
Жазоир яна ўйинни ўз назоратига олди, аммо Грегор Кобел дарвозаси қаршисида деяли ҳеч нарса қила олмади. Ўйиннинг қолган қисмида европаликлар ҳисобдан келиб чиқиб ўйнашди ва учинчи гол учун ҳаракат қилишмади, рақиб эса уларнинг ҳимоясидан ўта олмади. Якунда Швейцария ишончли ҳисобдаги ғалабани сақлаб қолди ва кейинги босқичда Колумбия – Гана жуфтлигига қарши ўйнайдиган бўлди.
Шеркининг муаммолари
Франция миллий жамоаси бу сафарги жаҳон чемпионатида бошқалардан бир бош юқори кўринмоқда. «Учранглилар» Сенегал (3:1), Ироқ (3:0), Норвегия (4:1) ва Швеция (3:0) каби рақибларга ҳеч қандай имкон қолдирмади. Бундай натижалардан кейин жамоа ичкарисидаги муҳит аъло даражада экани ҳақида тасаввур пайдо бўлганди. Аммо бундай бўлиб чиқмади.
L'Equipe маълумотига кўра, «Манчестер Сити» яримҳимоячиси Райан Шерки турнир мобайнида руҳий муаммоларни бошдан кечирмоқда. Футболчига яқин кишилар журналистларга у шахсий ҳаётидаги муаммолар туфайли уйқусизликдан азият чекаётганини хабар қилишган. Ўйинларга туширилмаётгани эса муаммони янада оғирлаштирган: у бу турнир давомида тўрт ўйинда жами 60 дақиқа ҳам майдонда бўлмади.
Шу билан бирга, мураббийлар штаби Шеркини тушунишга ҳаракат қилмоқда. Шунинг учун Диде Дешам шведлар билан ўйиндан кейин Райан ўзига очиқчасига жаҳл қилганига эътибор қаратмаган.
Германияда ҳам истеъфо
Жаҳон чемпионатини тарк этган жамоалар бирин-кетин бош мураббийларини истеъфога чиқармоқда. Парагвайдан учралган мағлубиятдан кейин (1:1, пеналтилар бўйича 3:4) Германия футбол федерацияси вакиллари бош мураббий Юлиан Нагелсманн билан учрашув ўтказишган ва ундан ўз ихтиёри билан истеъфо беришни сўрашган.
Якунда 38 ёшли мутахассис ҳам бунга рози бўлган. Юлиан бўш қўл билан кетмайди, унга 7 миллион евро миқдорида товон пули тўлаб берилиши керак.
Унинг ўрнига эса Юрген Клопп Германия миллий жамоаси бош мураббийи бўлиши кутилмоқда.
Бу жаҳон чемпионатида қатнашган жамоаларда еттинчи истеъфо бўлди: Тунис гуруҳ босқичининг биринчи туридан кейиноқ Сабри Лямушига жавоб берганди. Гуруҳ босқичи якунланганидан кейин Ҳен Мен Бо (Жанубий Корея), Стив Кларк (Шотландия) ва Мирослав Коубек (Чехия) истеъфога чиқди. Плей-оффдаги натижалардан кейин Роналд Куман (Нидерландия) ва Себастян Беккасесе (Эквадор) ҳам лавозимини тарк этганди.
Мессини ҳам тинтув қилишди
Бутун турнир мобайнида қайсидир жамоа диққат билан текширилгани ҳақидаги хабарлар чиқиб турди. Бу жараёндан Аргентина миллий жамоаси ҳам четда қолмади.
Лионел Месси ва унинг жамоадошларини Майамида металл детекторлар билан кутиб олишди. Бу ҳолатни жамоа сардори киноя билан қабул қилди: ижтимоий тармоқда тарқалган видеода Лео тинтув вақтида тинимсиз кулиб турганини кўриш мумкин.
Катта эҳтимол билан, унинг бундай реакциясига у доим «Интер Майами» жамоаси сафида ушбу терминалдан фойдаланиши, аммо бу каби хавфсизлик чораларига илк марта дуч келгани сабаб бўлган.
Навбатдаги ўйинлар
3 июл куни кечқурун ва 4 июлга ўтар кечаси 1/16 финалнинг сўнгги ўйинлари бўлиб ўтади:
3 июл. 23.00. Австралия — Миср
4 июл. 03.30. Аргентина — Кабо-Верде
4 июл. 06.30. Колумбия — Гана
Мавзуга оид
12:01
Абдураҳмон Фозилов ва Отабек Жўраев чипта сотуви билан боғлиқ ҳолатга қўшимча изоҳ берди
19:30 / 02.07.2026
Мундиал учун ЎФАга берилган имтиёзли чипталар қиммат нархда сотилганми?
17:51 / 02.07.2026
ЖЧ анонси. Португалия ва Испанияда жиддий синов
12:36 / 02.07.2026