Жаҳон | 17:14
2212
2 дақиқада ўқилади

Путиннинг рейтинги яна пасаймоқда

Бу сафар уруш давридаги энг тез пасайиш қайд этилди.

© Александр Щербак/ ТАСС

Россияликларнинг Владимир Путинга ишонч даражаси бир ҳафтада 3,4 фоиз бандга пасайди ва 73,3 фоизни ташкил этди. Бу Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (ВЦИОМ) томонидан 22 июндан 28 июнга қадар ўтказилган сўров натижаларида акс этган.

«Агентство» нашри эътибор қаратишича, бу уруш бошидан буён Путиннинг рейтингидаги энг тез пасайиш бўлди. Жорий йилдаги бундан олдинги энг тез пасайиш апрел ойи бошида кузатилган, ўшанда президентга ишонч рейтинги бир ҳафта ичида 1,8 фоиз бандга пастлаганди. 

Сўров иштирокчиларининг 66,9 фоизи Путиннинг президент сифатидаги фаолиятини маъқуллаган – бу бир ҳафта аввалгидан 3,5 фоиз бандга кам. Охирги марта президентнинг маъқуллаш даражаси 2024 йил август ойида шунчалик пасайган эди. Респондентларнинг 21,3 фоизи эса Путиннинг фаолиятини маъқулламайди (бир ҳафта олдин бу кўрсаткич 19,7 фоиз эди).

«Жамоатчилик фонди» ўтказган янги сўров эса Путиннинг фаолиятини сўровнома иштирокчиларининг 70 фоизи ижобий баҳолашини кўрсатган. Бу бир ҳафта олдингига қараганда 1 фоиз бандга кам. Шу билан бирга, Путинга ишонч даражаси бир ҳафта давомида 2 фоиз бандга ўсган – 69 фоиздан 71 фоизга.

Россиядаги ижтимоий хизматлар (Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ҳамда «Жамоатчилик фонди») 2026 йил баҳоридан РФ президенти рейтингида пасайишни қайд эта бошлаганди. Россиядаги ёқилғи инқирози фонида рейтинглар пасайиши давом этмоқда.

Американинг Gallup тадқиқот компанияси ҳам 2026 йил мартидан май ойига қадар даврда россияликлар орасида сўров ўтказган. Унга кўра, россияликларнинг 60 фоизи ўз яшайдиган шаҳарда ёки регионда иқтисодий ҳолат ёмонлашмоқда, деб ҳисоблайди. Бу эса сўнгги 20 йилликдаги энг максимал кўрсаткич ҳисобланади (компания бу каби сўровларни 2006 йилдан ўтказа бошлаган).

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид